Хатолар учун амалдорларни кечириш керак – Бош вазир

Олам

image

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев мамлакатда ислоҳотлар вақтида ҳалол хатолар учун амалдорлар жиноий жавобгарликка тортилмаслиги кераклигини айтди. Бу ҳақда у “Кабар” агентлигига берган интервьюсида сўз очди.

Қосималиевнинг сўзларига кўра, ислоҳотлар тезкор қарорлар қабул қилишни талаб қилади, шунинг учун хатоларнинг олдини тўлиқ олиш мумкин эмас. Энг муҳими, амалдорнинг ҳаракатларида коррупция ёки шахсий манфаатдорлик бўлмаслиги керак.

“Ҳеч нарса қилмаган одамгина хато қилмайди. Инсон ислоҳот ўтказиш жараёнида хато қилиши мумкин. Бироқ, агар унинг ҳаракатларида коррупция бўлмаса, у жиноятчига айланмаслиги керак”, деган Вазирлар Маҳкамаси раиси.

Унинг таъкидлашича, амалдорлар ташаббус кўрсатишдан қўрқмаслиги учун қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритилган. Қосималиевнинг айтишича, аввал айрим раҳбарлар омадсизликка учраса жиноий таъқибга дуч келишдан хавотирланиб, ҳеч қандай ўзгариш қилмасликни маъқул кўрган.

Шу билан бирга, у амалдор учун энг қабул қилиб бўлмайдиган сифат ёлғончилик эканини айтган. Агар раҳбар ўз вазифасини яхши бажармаса, уни иккиланмасдан лавозимидан озод қилиш кераклигини таъкидлаган.

Бош вазир ҳар куни бир нечта қарор ва фармойишни имзолашини маълум қилган. Ҳужжатлар электрон шаклда келишилаётгани учун иш сафарлари пайтида ҳам қарорлар қабул қилиш имкони мавжуд. У юқори иш суръати туфайли айрим қарорларга кейинчалик тузатиш киритишга эҳтиёж туғилиши мумкинлигини тан олган. Бундай ҳолатларда хатолар тезкорлик билан бартараф этилиши лозимлигини айтган.

У, шунингдек, ижтимоий тармоқларни шахсан кузатиб боришини, муаммолар ҳақидаги хабарларни масъул вазирлар ва Президент Администрацияси ходимларига юборишини билдирган. Бош вазирнинг сўзларига кўра, у асосли танқидни қабул қилади, гарчи кескин изоҳлар баъзан шахсан унга оғир ботса ҳам.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев мазкур интервьюсида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ва фуқароларнинг мурожаатларини мунтазам равишда кузатиб боришини айтганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг