Ишламаган ҳам тишлайди(ми?) Сурхондарёда ҳисобчилар 11 млрддан ортиқ пулни ўзлаштирди
Жамият
−
26 Июль 2023
9418Сурхондарё вилояти Денов тумани мактабгача таълим бўлими ходимлари 11,3 миллиард сўм бюджет пулларини ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, масофавий тарзда олиб борилган риск-таҳлилларда туман мактабгача таълим ташкилотларининг айримларида қарийб 3 миллиард сўмга яқин бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланганлиги бўйича шубҳали тўловлар аниқланган. Шу асосда, ишчи ходимларга 2020-2023 йилларда ҳисобланган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисобланиши ва тўланиши жойига чиққан ҳолда текширилган.
Ўтказилган текшириш натижалари бўйича жами 11,3 миллиард сўмлик бюджет маблағларини мактабгача таълим бўлими марказлашган бухгалтериясининг айрим масъул ходимлари томонидан ноқонуний ўзлаштирилгани маълум бўлган.
Жумладан, мактабгача таълим ташкилотларида 2022-2023 йилларда ишламаган 141 нафар фуқаролар номига 4,8 миллиард сўм иш ҳақи ҳисобланиб, ноқонуний ўзлаштирилган. Мазкур ташкилот масъул ходимлари томонидан ҳақиқатда ишламайдиган яқин қариндошининг номига 136,4 миллион сўм ҳамда мактабгача таълим бўлимида услубчи, ҳисобчи ва сантехник лавозимларида ишлаб келаётган 9 нафар шахслар номига 279,4 миллион сўм иш ҳақини қўшиб ёзиб, сохта тўлов қайдномаларини тузиш орқали ноқонуний ўзлаштирган.
Шунингдек, бюджет ташкилотининг харажатлар сметасида ходимларнинг иш ҳақи тўловлари учун режалаштирилган 529,1 миллион сўм маблағлар ходимларнинг розилигисиз, уларнинг иш ҳақлари ҳисобидан ушланмаган ҳолда газета ва журналлар обунаси учун ўтказиб юборилган.
“Аниқланган ҳолатлар юзасидан масъулларга қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш ҳамда молиявий хато ва камчиликларнинг келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан тегишли тадбирларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими ва Иқтисодиёт ва молия вазирликларига кўрсатма юборилди ҳамда ўрганиш юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилди”, дейилади хабарда.