“Ишимизга бурнингизни суқманг”. Баку ЕИнинг журналистларни қамаш айбловига жавоб берди
Олам
−
22 Декабрь 2023
7040Озарбайжон журналистлар ва сиёсий фаолларнинг ҳибсга олиниши муносабати билан Европа Иттифоқининг асоссиз айбловларини кескин рад этади. Бу ҳақда бугун, 22 декабрь куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда сўз борган.
Қайд этилишича, вазирлик бундай асоссиз ва нохолис баёнотларни Озарбайжонда суд ҳокимияти мустақиллигига аралашишга уриниш сифатида баҳолайди. Тергов жараёнига аралашишга йўл қўйиб бўлмайди, суд жараёни ишига аралашиш эса ҳуқуқий давлатнинг асосий тамойили – қонун устуворлигига зиддир.
“Биз афсус билан қайд этамизки, Европа Иттифоқининг Арманистонда инсонларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига, сиёсий таъқиблар оқибатида ҳибсга олинган шахсларнинг қамоқхонада ўлишига, шунингдек, сиёсатчилар ва уларнинг оила аъзоларининг таъқиб қилинишига бефарқлиги икки томонлама стандартларнинг яққол намунасидир”, дейилади баёнотда.
Баку Озарбайжонга қарши бундай асоссиз баёнотлар бериш ўрнига, Европа Иттифоқига аъзо давлатлардаги инсон ҳуқуқлари бузилишига эътибор қаратишни тавсия қилган.
Вазирлик Европа Иттифоқи Франциядаги “сариқ жилетлилар” намойишининг 12 нафар иштирокчиси ўлдирилиши, Европа Иттифоқи тузилмаларида порахўрлик ва коррупциянинг тарқалиши, исломофобия ва мусулмонларга қарши ҳужумларни ҳалигача текширмаганини ва бунга адекват муносабат билдирмаганини эслатган.
“Юқоридагилар фонида Европа Иттифоқининг бундай нохолис ва адолатсиз баёнотлари Озарбайжоннинг ички ишларига аралашиш сифатида баҳоланади. Бу асоссиз даъволар Озарбайжон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболларига путур етказади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Европа Иттифоқи Озарбайжонни қамоққа олинганларни озод қилишга ҳамда мустақил журналистика ва сўз эркинлиги учун тўсиқсиз майдон яратишга чақирганди.
LiveБарчаси