Ироқ Россия ва Украинани яраштириб қўймоқчи бўлди

Олам

image

Бугун, 17 апрель куни Ироқ Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатишда воситачилик қилиш бўйича таклиф билдирди. Украина унинг таклифини рад этди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди

Қайд этилишича, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ўз мамлакатининг позициясини яна бир бор эслатиб ўтиб, Россия Украина ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетмагунча ҳеч қандай музокара бўлмаслигини айтган.

Кремль Киевдан 2014 йилда аннекция қилинган Қримнинг суверенитетини тан олишини ҳамда ўтган йилнинг сентябрь ойида Россия таркибига қўшиб олинган Донецк, Херсон, Луганск ва Запорожье вилоятларини Россиянинг таркибий қисми сифатида эътироф этишни талаб қилмоқда. Украина эса бунга рози эмас. Расмий Киев Россия қўшинлари босиб олинган барча ҳудудлардан чиқиб кетмагунча, у билан музокаралар ўтказмаслигини таъкидлаяпти. 

Дмитрий Кулеба 11 йилда илк бор Ироққа бориб, ҳамкасби Фуад Ҳусайн билан учрашди. Ироқ Ташқи ишлар вазири ўз давлатининг уруш ва можаролардаги, шунингдек, Саудия ва Эрон ўртасидаги музокараларга мезбонлик қилиш бўйича кўп йиллик тажрибасига ишора қилган. 

Бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида Фуад Ҳусайн Бағдод ораларида кескинлик мавжуд бўлган давлатлар билан мулоқот қилиш тажрибасига эгалигини ва тинчлик учун хизмат қилишга тайёрлигини маълум қилган. 

“Урушнинг давом этиши нафақат икки давлат, балки бутун дунё учун хавфли бўлади”, дейди у. 

Ироқ Яқин Шарқнинг кўпгина бошқа давлатлари сингари Украинадан импорт қилинадиган дон ҳисобига эҳтиёжини қондириб келган. Уруш эса нархларнинг қимматлашувига сабаб бўлди. 

Кулеба Украина Ироқни “келишувга эришишда кўприк” сифатида кўришини, бироқ Россия тинчлик учун энг катта тўсиқ бўлиб турганини таъкидлаган. 

“Биз учун Россия урушни тўхтатиб, чекиниши кераклиги ҳақидаги жуда оддий ҳақиқатга рози бўлиши керак”, дея қўшимча қилади у. 

Бағдоднинг воситачилик таклифини рад қилар экан, Кулеба Украина Ироқ билан алоқаларни мустаҳкамлашга умид қилаётганини ва унинг бугунги ташрифи “Украина-Ироқ муносабатларини қайта тиклаш” ҳаракатларининг бир қисми эканини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жазоир ҳам Украина инқирозини ҳал қилишда воситачи бўлиш истагини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ироқ Украина музокаралар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг