Ироқни эгаллаймиз. Ўзбекистоннинг 250 тадбиркори Бағдодга борди
Таҳлил
−
05 Февраль 1660 3 дақиқа
Ўзбекистонлик тадбиркорлар делегацияси 1–7 февраль кунлари Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида бўлиб ўтаётган “Baghdad International Fair” халқаро кўргазмасининг 49-сессиясида иштирок этишмоқда
Мазкур тадбир Ироқда “энг йирик ва нуфузли савдо платформаларидан бири” дея таърифланади. Унда ҳар йили дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларидан компаниялар қатнашади.
Ушбу кўргазма ўзбекистонликлар учун халқаро бизнес алоқаларни кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Шу сабаб 200 га яқин ишлаб чиқарувчилар Савдо-саноат палатаси кўмагида “Made in Uzbekistan” бренди остида 21 тоннадан ортиқ 400 турдаги маҳсулотлари яъни, озиқ – овқат, фармацевтика, қурилиш, автомобильсозлик, электротехника, мебельсозлик, енгил саноати, ҳунармандчилик ва бошқа саноат корхоналарнинг экспортбоп маҳсулотларини намойиш қилишмоқда
Ўзбекистон миллий экспозицияси учун 1000 квадрат метр майдон ажратилган. Кўргазмада иштирок этаётган ўзбек тадбиркорларнинг умумий экспорт ҳажми 1,417 млн АҚШ долларини, ишчилари сони эса 57 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар иштирокчиларнинг ташқи савдо салоҳиятини ҳамда Ироқ бозори билан ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қизиқишини акс эттиради.
Ўзбекистонликлар Ироқдан миллионлаб доллар фойда олиши мумкин. Бунинг учун виза олиш енгиллаштирилади, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилади. Бу ҳақида Ироқ савдо вазири Атир Давуд ал-Ғурайрининг шахсан ўзи QALAMPIR.UZга маълум қилди.
“Виза олиш жараёни бугун соддалаштирилган — ариза топширишдан бошлаб атиги 6 соат ичида расмийлаштириш мумкин. Ироқ Савдо вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар Ўзбекистондан келадиган ҳар бир тадбиркор, инвестор ёки сайёҳни очиқ чеҳра билан кутиб олишга тайёр ва зарур ёрдамни кўрсатади. Ироқ бозорига киришда, визалар, божхона ва логистика масалаларида жиддий муаммолар бўлмайди. Ушбу жараёнларни соддалаштириш ва юзага келиши мумкин бўлган тўсиқларни бартараф этиш савдо қўмитаси орқали доимий назоратда бўлади. Мазкур қўмитани ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан илгари сурилган. Ўзбекистон маҳсулотларига нисбатан ҳеч қандай чеклов ёки камситиш бўлмайди — рақобат фақат сифат ва нарх асосида бўлади. Ўзбекистон Бош вазири билан бўлган учрашувимизда тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласини ҳам муҳокама қилганмиз. Дастлаб савдо йўналишидаги рейслар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Ишончим комилки, келажакда Ўзбекистон ироқлик сайёҳлар учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айланади”, деди Ироқ савдо вазири Атир Давуд ал-Ғурайри
Қолаверса, агар ўзбекистонлик ишбилармонлар Ироқда завод ёки ишлаб чиқариш корхоналарини очмоқчи бўлса, уларга катта имтиёз ва имкониятлар тақдим этилади.
“Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг фаолиятини кўриб, шунингдек, шахсан ўзбек маҳсулотлари билан танишиб чиққанимдан сўнг шуни қатъий айта оламанки — ўзбек товарлари Ироқ бозорида сифат ва нарх жиҳатидан кучли рақобат қила олади. Ироқ бозори жуда катта ва ҳанузгача импортга кучли эҳтиёж сезмоқда. Бугунги кунда Ироқнинг хориждан импорт ҳажми 85 миллиард доллардан ошади. Ушбу импорт маҳсулотларининг айримлари, очиғини айтганда, ўзбек маҳсулотлари билан рақобатлаша олмайди. Муаммо шундаки, аввалроқ Ироқ ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри савдо ва логистика йўли мавжуд эмас эди. Аммо ҳозирги учрашувларимиз орқали бу масала ҳал этилиши ва савдо алоқаларига янги босқич очилиши кутилмоқда”, деди Давуд ал-Ғурайри
Тадбир доирасида ўзбек тадбиркорлари ироқлик ишбилармонлар, дистрибьюторлар ва савдо ташкилотлари билан B2B учрашувлар ўтказиши, янги шартномалар имзолаши ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиши кутилмоқда.
Ушбу кўргазмада иштирок этиш Ўзбекистон маҳсулотларининг Яқин Шарқ бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда миллий бренд нуфузини оширишга хизмат қилади.
Кўргазмада Ўзбекистон Республикасининг Қишлоқ хўжалиги вазири И.Абдурахманов, Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д.Вахобов ва Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги раҳбари И.Эргашев ҳам иштирок этди.
Жараёндан тайёрланган репортажни You tube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин
Live
БарчасиЭнди Саудияда туяларнинг ҳам паспорти бўлади
05 Февраль