Сулаймонийнинг қасоси учун “қурбон қилинган” АҚШ авиабазаси яна ҳужумга учради
Олам
−
08 Май 2021
11489Ироқдаги Халқаро коалиция кучларининг Айн-ал-Асад авиабазасига ҳужум қилинди. Бу ҳақда коалиция вакили Уэйн Маротто маълум қилди.
“Бугун эрталаб Айн-ал-Асад авиабазасига дрон ҳужум қилди. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ”, дейди Маротто.
Унга кўра, базадаги ангар (самолёт ва техникалар сақланадиган бино) зарар кўрган. Ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда.
Уэйннинг қўшимча қилишича, коалиция, Ироқ марказий ҳокимияти ва Курдистон минтақавий ҳукуматига қилинган ҳужумлар мамлакат қонун устуворлиги ҳамда суверенитетига путур етказмоқда.
Ўтган йилнинг январь ойида унга Эрон инқилобий гвардияси корпуси ҳам ҳужум қилганди. Ҳужум пайтида Эроннинг ғарбий қисмидаги Кирманшоҳ вилояти ҳудудидан ўнлаб ракеталар отилган. Эрон буни АҚШ томонидан ўлдирилган корпус генерали Қосим Сулаймоний учун қасос дея баҳолаганди.