Ирландия Украинага махсус кучларини юбормоқчи

Олам

image

Ирландия ҳукумати қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни маъқуллади, бу эса махсус тайёргарликка эга ҳарбий бўлинмаларни (Army Ranger Wing, ARW ) Украинага юборишга имкон беради. Бу ҳақда “The Irish Times” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу армия қўриқчилари Ирландия элчихонаси ва дипломатларининг хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади. Элчихона 2022 йил август ойида – Россиянинг Украинага бостириб кирганидан етти ой ўтиб қайта очилган. Бундан ташқари, улар БМТ рухсатисиз тинчликпарвар миссияларда ҳам иштирок этишлари мумкин бўлади.

Ҳозиргача Ирландияда “уч карра тўсиқ” тизими амал қилиб келган. Унга кўра, чет элга 12 нафардан ортиқ ҳарбий юбориш учун ҳукумат, парламент ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг рухсати талаб этиларди. Бироқ мамлакат Бош вазири ўринбосари ва Мудофаа вазири Саймон Харрис бу принцип ҳозирги шароитда долзарблигини йўқотганини таъкидлаган. У Россиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзосидан бири эканини эслатиб, вето қўйиш имкониятига эгалигини қайд этган.

“Биз Россия Президенти Владимир Путин ёки бошқа етакчиларнинг ҳарбийларимиз жойлашуви бўйича вето ҳуқуқига эга бўлишини истамаймиз”, дейди Харрис.

Киритилган ўзгартиришлар Ирландия ҳукуматига БМТ розилигисиз ўз қўшинларини хорижга юбориш имкониятини беради. Шунингдек, агар сафарбар этилаётган контингент 12-50 нафар ҳарбийни ташкил этса, бундай қарор парламент тасдиғисиз ҳам қабул қилиниши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ва Австралия ҳам ўз қўшинларини Украинага юбориб, эҳтимолий эришиладиган тинчлик келишувлари бажарилишини кафолатлашга тайёр эканини хабар қилган эди. Унга кўра, Туркия НАТО таркибида АҚШдан кейин энг йирик қуролли кучларга эга бўлиб, унинг ёрдами, айниқса, совуқ уруш тугаганидан кейин армиялари сезиларли даражада қисқарган Европа мамлакатлари учун жуда фойдали бўлиши мумкин.

Австралия Бош вазири Энтони Альбанезенинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати аввалги позициясини ўзгартириб, эндиликда кўп миллатли тинчликпарвар кучлар таркибида Украинага қўшин юбориш бўйича ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёр бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Ирландия махсус кучлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг