Ипотека кредити олиш осонлаштирилади
Жамият
−
02 Декабрь 2021
19610Ипотека кредитини олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафил бўлишига рухсат берилади. Бугунги кунда фақат яқин қариндошлар кафил бўла олади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Келгуси йилда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилади. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидия ажратилади.
“Бу дастлабки ҳисоб-китоблар. Агар талаб бўлса, яна қўшимча ресурс ажратилади”, деди Президент.
Бундан ташқари:
• ипотека кредитлари ва субсидия олишда, уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар ипотека кредитлари шартларидан чиқариб ташланади;
• эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади;
• эҳтиёжманд аҳоли томонидан кредитни қайтаришда фоизнинг давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хил - 10 фоиз этиб белгиланади (ҳозирда вилоятларда 10 фоиз, Тошкент шаҳрида 12 фоиздан юқори қисми қоплаб берилмоқда);
• субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам берилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда қурилишларда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилиши, унга кўра, Бош прокурор ўринбосари бошчилигида республика штаби ва вилоят штаблари тузилиши ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси