“Интер Майами” янги стадион трибунларидан бирини Месси шарафига номлади
Спорт
−
14:23 362 1 дақиқа
Американинг “Интер Майами” клуби янги стадионидаги трибунлардан бирига аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси шарафига ном берилишини эълон қилди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати хабар берди.
Янги стадион жорий йилнинг 5 апрель куни MLS мунтазам мавсуми доирасида бўлиб ўтадиган “Остин”га қарши учрашув билан расман очилади.
“Бизнинг 10-рақамли футболчимиз ва жамоа сардори жаҳон спортида камдан-кам учрайдиган воқеа иштирокчисига айланади — фаол фаолиятини давом эттираётган футболчи ўз шарафига номланган трибунага эга бўлади”, дейилади клуб баёнотида.
Лионель Месси 2023 йил ёзидан буён “Интер Майами” сафида тўп суриб келмоқда. Унинг амалдаги шартномаси 2028 йил охиригача мўлжалланган. У клуб тарихидаги энг яхши тўпурар ва ассистент бўлиб, барча мусобақаларда 94 та ўйинда 82 та гол ва 44 та голли узатмага муаллифлик қилган.
АҚШдаги фаолияти давомида Месси жамоа билан Лига кубоги (2023), MLS мунтазам мавсуми (2024), MLS Шарқий конференцияси плей-офф босқичи (2025) ва MLS кубогида (2025) ғолиб чиққан.