Инсон қандай қарийди?
Бу қизиқ
−
20 Июнь 2023
21362Тасаввур қилинг, кекса бўлиб туғилдингиз ва умрингиз давомида ёшариб борасиз. Сиз бу фильмни кўргансиз, тўғрими? Режиссёр Бенжамин Баттон инсонларнинг азалий ёшариш орзусини фильм мавзусига айлантирган. Бироқ ҳаётда, афсуски, умр ўтар экан, одамлар қарийди, организм эса кучсизланиб боради.
Қариш инсон ҳужайралари билан боғлиқ жараён. Яъни дунёга келган гўдак борки, вақт ўтгани сайин унинг ҳужайралари ривожланиб, ўзи эса улғайиб бораверади. Ақли таниган ҳар бир одамни қариганида қандай бўлиши жуда қизиқтиради. Табиийки, кўпчилик ўз ота-онасидек кексайишига ишонади. Аслида ҳам шундайми? Мазкур мақола орқали ушбу саволга жавоб топишингиз мумкин.
Америкалик актёр Гроучо Маркс айтганидек: “Агар омадимиз келса, биз ҳаммамиз қариймиз”. Инсон ўтаётган ҳар кунда қаришнинг яна бир босқичини бошдан кечиради. Сиз ҳатто бу мақолани ўқиётганингизда ҳам қарияпсиз. Бироқ сиз қандай қарийсиз? Ҳамма гап шунда. Биз 20 йилдан кейинги юзларига ажин тушган ва бўйи бироз чўккан ўзимизни аждодларимизга қараб тасаввур қилишга одатланганмиз. Бироқ генетика қариш хусусиятларимизнинг атиги 30 фоизи учун жавобгардир. Биз ота-онамиз азият чеккан соғлиқ муаммолари, қариш шаклларига бутунлай маҳкум эмасмиз. Биз танамиз қандай қаришини ўзимиз назорат қиламиз. Бу бизнинг ташқи омиллар билан муносабатимизга боғлиқ: биз яшаётган муҳит, биз истеъмол қилаётган овқат, жисмоний ва когнитив (ақлий) жараёнлар. Буларнинг барчаси муҳим.
Доктор Морган Левиннинг “Ҳақиқий аср” китобига кўра, инсоният қариш жараёнини секинлаштириш арафасида турибди. Левиннинг айтишича, инсонда икки хил ёш бор: паспортдаги рақамга мос келадиган хронологик ва биологик. Бу шуни англатадики, сиз хронологик жиҳатдан ўттиз ёшда бўлишингизга қарамай, биологик жиҳатдан йигирма беш ёки ҳатто ўттиз беш ёшда бўлишингиз мумкин. Биологик ёш сизнинг қанчалик соғлом эканлигингиз билан белгиланади.
30 ёшдан сўнг инсон танасидаги метоболизм ҳар 10 йилда 2-3 фоизга пасайишни бошлайди. Мушак массаси ҳам камайиб боради. Бу жараёнда ёга ёки мушакларни ривожлантириш машқларини бажариш, занжабилни кўпроқ истеъмол қилиш фойдалидир.
Қариш жараёнимизда муҳим роль ўйновчи энг катта омиллардан бири бу стрессдир. Олимлар инсоннинг қариши учун масъул бўлган жуда ўзига хос ҳужайра турини аниқлади. Улар зомби ҳужайралари сифатида танилган. Стресс таъсирида бу ҳужайралар репликация қилиш қобилиятини йўқотади, лекин организмни тарк этмайди ва бу тананинг тобора кўпроқ қаришига олиб келади.
Демак, бизнинг қандай қаришимиз генетикамиздан кўра, танамиз ҳақида қанчалик қайғуришимизга боғлиқ. Бу кун тартибингиз ҳақида қайта ўйлаб кўриш учун имкониятдир: жисмоний машқлар билан қандай ишлаяпсиз? Сизнинг диетангиз қанчалик соғлом? Сиз паст стресс режимини сақлаб қола оласизми? Демак, олимлар фикрича, қарилик билан курашиш ҳамманинг ўз қўлида.
Севара Ҳусниддинова