Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вақтинчалик кампаниями? Мирзиёев аниқлик киритди
Жамият
−
01 Сентябрь 2019
6148Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 31 август куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган мамлакат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари ўз сўзида мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, хусусан маҳбусларни афв этиш, Жаслиқ колониясини тугатиш каби ишлар шунчаки кампания эмас, балки давлат сиёсати даражасидаги узлуксиз жараён эканини қайд этди.
“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича мустақил сиёсатини қатъий давом эттирмоқда ва бу сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда маҳбусларни афв этиш институти жорий этилди. Кейинги уч йилда етти марта афв эълон қилинди. Натижада қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 мингга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилди.
Куни кеча афв этиш ҳақидаги яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра жазо муддатини ўтаётган 65 нафар фуқаро афв этилди.
Тасаввур қилинг, ўз уйига, яқинлари бағрига қайтаётган бу инсонларнинг, уларнинг ота-онаси, фарзандларининг қувончи, хурсандчилигини “ойнаи жаҳон” орқали кўрган одам, бу ҳақиқатан ҳам эзгу ва савобли иш эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилади”, деди Президент.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз чиқишларида бағрикенг, кечиримли, одамларга адолатли бўлиш, маърифат ва маънавият улашиш ҳақида кўп гапиради.
Бу йил ушбу бағрикенглик ўз натижасини яна бир бор кўрсатди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг махсус топшириғи билан Суриянинг Дамашқ шаҳрига учган самолёт Яқин Шарқ ҳудудидаги қуролли тўқнашувлар ҳудида яшаб келаётган 156 нафар ўзбекни жонажон Ватанига қайтарди.
“Бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда.
Чет элларда ишлаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз билан алоқалар мустаҳкамланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда. Ўзбекистонга қайтиб, иш ёки ўқиш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган фуқароларимиз учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Бу йил 156 нафар ватандошимиз – асосан аёллар ва болалар жанговар ҳаракатлар давом этаётган Суриядан қайтариб олиб келинди ва уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари тикланди.
Албатта, кечиримли, меҳр-оқибатли бўлиш халққа ҳам, Худога ҳам манзур бўлади. Мана шундай эзгу фазилатлар бизнинг бағрикенг халқимизни янада улуғлайди”, дейди Мирзиёев.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 август куни имзолаган “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарори билан халқ тилида борса-келмас деб ном олган, жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг юзидаги доғ, инсон ҳуқуқлари топталувчи қамоқхона деб қораланиб келинган Жаслиқ колонияси тугатилди. Хўш, бу жаҳон эътиборини тортиш, олқиш олиш учун кампаниямиди? Йўқ, бу Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги катта қадами. Президент нутқида бунга ҳам тўхталиб ўтди.
“Мустақиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ифодаси бўлди.
Бу тарихий қадам мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш вақтинчалик кампания эмас, балки давлат сиёсати даражасидаги узлуксиз жараён эканини кўрсатади”.
LiveБарчаси