Келаси йил 43 млрд долларлик инвестиция ўзлаштирилади

Жамият

image

2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 19 декабрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган инвестиция бўйича 2024 йилдаги натижалар сарҳисоби ва келгуси йилги вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2017 йилдан буён мамлакат иқтисодиётига барча манбалар ҳисобидан 188 миллиард доллар инвестиция киритилган. Шундан 87 миллиард доллари четдан жалб қилинган. Натижада инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 30 фоиздан ошиб, барқарор иқтисодий ўсишга олиб келган.

Бу йил иқтисодиётга киритилган инвестициялар ҳажми 1,3 баравар кўпайиб, 36 миллиард доллардан ошган. Буларнинг ҳисобига йил бошидан буён қўшимча 70 триллион сўмлик қиймат берадиган 560 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилган. Келаси йилдан экспортни яна 1 миллиард долларга ошириш имконияти пайдо бўлган.

Шунингдек, йиғилишда инвестициялар, саноат ва савдо вазири 2025 йилги режалар тўғрисида ахборот берган. 

“Келгуси йил 43 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Бу орқали 300 дан ортиқ йирик лойиҳа бажарилиши, импорт ўрнини босувчи 662 та янги маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда", деган у.

Шунингдек, бугунги кунда 1 минг 890 та лойиҳа бўйича иш кетаётгани таъкидланган. Уларнинг ижросини жадаллаштириш учун масъуллар белгиланган.

Йиғилишда ташқи савдо масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

2030 йилгача мамлакатнинг йиллик экспорт ҳажмини 2 баробар ошириб,  45 миллиард долларга олиб чиқиш мақсади белгиланган. Бу режадаги инвестициявий лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириб, юқори қийматли маҳсулот ва хизматларни кўпайтиришни, экспорт географиясини кенгайтиришни талаб этади.

Мутасаддиларга режалар ижросини доимий таҳлил қилиб, ишни жойларда сифатли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев йиғилиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг