Иноятов ССВдаги бир қатор мулозимларнинг “думини тугди”

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов “O‘zmedimpeks” МЧЖ директори А.Набиев, Болалар миллий тиббиёт маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи А.Шарипов, Дори воситалари ва тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Х.Ганиева, вазирликнинг Инвестиция ва грант лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келган Н.Расуловни ишдан олди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, бугун, 11 март куни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов раҳбарлигида вазирликнинг навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтган. Танқидий руҳда кечган мажлисда тизимдаги қатор йўналишлар бўйича амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар чуқур таҳлил этилган.

Мажлисда соҳада бюрократик тўсиқлар ҳали ҳам учраб тургани, айниқса, аҳолини сифатли дори-дармон воситалари, тиббий буюм ва жиҳозлар билан таъминлаш, тизимда ижро интизомини назорат қилиш борасида қатор муаммолар мавжудлиги айтилган. 

Шунингдек, соғлиқни сақлаш йўналишида халқаро инвестициялар жалб қилинишини мувофиқлаштириш, болалар тиббиётида илғор даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш бўйича  ишлар ҳам етарли даражада ташкил қилинмаётгани танқид қилинган. 

Бу эса соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизимида ҳануз замон талабларига мос, янгича фикрловчи, ташаббускор, муаммоли масалалар ечимига профессионал ва креатив ёндашадиган кадрлар етишмаслигини кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, берилган топшириқ ва вазифалар ҳамда қўйилган талабларни ўз вақтида бажармагани сабабли “O‘zmedimpeks” МЧЖ директори А.Набиев, Болалар миллий тиббиёт маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи А.Шарипов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.  

Шунингдек, ўз йўналишида етарли натижа кўрсата олмагани боис вазирликнинг Дори воситалари ва тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва мурувват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Х.Ганиева ҳамда яна бир қатор масъуллар ҳам ишдан олингани маълум қилинган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Инвестиция ва грант лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келган Н.Расулов ўз лавозимидан озод этилган. 

ССВ тарқатган хабарга кўра, Н.Расулов ўтган давр мобайнида давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларини жиҳозлаш ишларига инвестиция ва грант маблағларини жалб этиш ҳамда уларни ўзлаштириш билан боғлиқ ўз лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармасдан келган.

“Бу ҳолат эса даволаш-профилактика муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва шу орқали аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича Президент топшириқлари етарли даражада таъминланмай қолишига олиб келган. Бундан ташқари, ушбу масъул ходим томонидан ички меҳнат тартиби қоидалари кўп бор бузилиш ҳолатлари кузатилган”, дейди Юридик бошқарма бошлиғи Руслан Муҳаммадиев.


Мақола муаллифи

Теглар

Соғлиқни сақлаш ССВ Амрилло Иноятов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг