Инфарктгача бир қадам: Атамбоевнинг соғлиғига ташхис қўйилди
Олам
−
30 Апрель 2021
6271Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевга инфарктгача бўлган ҳолат ташхиси қўйилди. Бу ҳақда унинг адвокати Замир Жоошев маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Атамбоев апрель ойининг бошларида текширилган.
Унинг ташхисида юрак томирлари касаллиги, атеросклероз ва коронар артериялар кальцинози қайд этилган.
"Шахсий суҳбатда шифокор менга коронар артериялар кальцинози беморнинг инфарктгача бўлган ҳолатининг далилидир, деб тушунтирди", деган Жоошев.
Аввалроқ, Алмазбек Атамбоев саломатлиги юзасидан тиббий экспертиза ўтказилиши ҳақида хабар бергандик.
Маълумот учун, ўтган йил июнь ойида Қирғизистонни 2011 – 2017 йилларда бошқарган Атамбоев “қонундаги ўғри” Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши тўғрисидаги иш бўйича коррупцияда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 11 йил-у икки ойлик қамоқ жазоси тайинланганди.
Қирғизистон Жазони ижро этиш давлат хизмати раиси Калибек Качкиналиев худди шу иш бўйича икки йиллик қамоқ жазосини олди.
Суд, шунингдек, Атамбоевнинг мол-мулкини мусодара қилиш ва уни давлат унвонлари ва мукофотларидан маҳрум этиш тўғрисида қарор чиқарди.
2020 йил ноябрь ойининг охирида Қирғизистон Олий суди Атамбоевга берилган ҳукмни бекор қилди ва унинг ишини кўриб чиқиш учун Бишкек шаҳрининг Первомай туман судига юборди.
Собиқ президент, шунингдек 2019 йил август ойида Қўй-Тош қишлоғидаги тартибсизликлар иши бўйича ҳам асосий айбланувчидир.
2019 йил 7 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Атамбоевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳига бостириб киришга икки марта уринди. Эртаси куни ҳам тўқнашувлар давом этди ва 3000 га яқин полициячилар иштирокидаги махсус операция пайтида Атамбоев таслим бўлди. Тартибсизликлар пайтида 225 киши жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди.
2020 йил 5 октябрда Қирғизистонда парламент сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилингандан кейин норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар парламент биносига бостириб киришди. Атамбоевнинг тарафдорлари уни колониядан озод қилишди, аммо кейин у яна ҳибсга олинган.
LiveБарчаси