“Умрбод қамоқ жазоси беринг!” Атамбоев суд залидан чиқишни талаб қилди (видео)

Олам

image
0:00
0:00
download

Бир қатор жиноятларда гумон қилинаётган Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев бугун, 8 апрель куни эмоционал равишда уни суд залидан олиб чиқишларини талаб қилди.  

Сиёсатчининг айтишича, соғлиғи сабабли унга суд жараёнида қатнашиш қийинчилик туғдиряпти. 

“Умид қиламанки, судья мени суд залидан чиқариб юборади, у бундай қила олади. Мен бу ерда учта чурра билан ўтирибман. Тез ёрдам машинаси келади ва бу қовурғалараро невралгия эканини айтади. Бу хўрлаш. Менга умрбод қамоқ жазосини беринг, одобсизлар, лекин қонунбузарликни бас қилинг! Мени масхара қилишни ва қийнашни тўхтатинг. Мени залдан чиқаринг!”, деган Атамбоев ва судланувчилар хонасининг ойнасини ура бошлаган. 

Тарафдорлари уни қўллаб-қувватлаган. ОАВнинг ёзишича, шундан сўнг собиқ давлат раҳбарини суд залидан соқчилар олиб чиқиб кетган. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 4 апрель куни Атамбоев суд қарорига кўра, 2020 йилнинг октябрь воқеалари бўйича судга мажбуран олиб келинган. Жараён давомида у касал бўлиб қолган ва тез ёрдам чақирилган. Суд жараёни 5 апрелга кўчирилган. Эртаси куни сиёсатчи яна судга келтирилган. Ўша куни судланувчининг яна мазаси қочган ва уни суд залидан олиб кетишган.  

2020 йил июнь ойида собиқ президент республика Жиноят кодексининг “Коррупция” моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. Тергов маълумотларига кўра, у бир гуруҳ одамлар билан бирга криминаль авторитет Азиз Батуқаевнинг ҳибсхоналардан ноқонуний равишда озод этилишига ҳисса қўшган. 

Маълумот учун, 2020 йил октябрь ойида Бишкекда парламент сайловлари натижаларига рози бўлмаганларнинг оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Шундан сўнг, намойишчилар талабига кўра Алмазбек Атамбоев 2019 йил август ойидан бери сақланаётган тергов изоляторидан озод қилинган, бироқ кейинроқ яна ҳибсга олинган. Терговчиларга кўра, жаноб Атамбоев собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ва бошқа амалдорлар билан тил бириктириб, ҳокимиятни эгаллаб олган. 2021 йил сентябрь ойида унга нисбатан айблов эълон қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Қирғизистон Атамбоев

Баҳолаганлар

632

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг