Атамбоев оғир аҳволдами? Собиқ Президент тиббий экспертизадан ўтказилади

Олам

image
0:00
0:00
download

Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев саломатлиги юзасидан тиббий экспертиза ўтказилади. Қўй-Тошдаги ҳодисалар бўйича очилган жиноят иши кўрилаётган Бишкекнинг Первомай тумани суди судьяси жорий йилнинг 14 апрель куни шундай қарор қабул қилди.

Шу тариқа Қўй-Тош воқеалари бўйича суд муҳокамаси суд-тиббий экспертизаси ўтказилгунча тўхтатиб турилади.

Ҳозирда Алмазбек Атамбоев 47-сонли колонияда сақланяпти. Собиқ Президент 2020 йил декабрь ойида саломатлиги билан боғлиқ муаммо сабаб бу ерга кўчирилганди. Атамбоев сўнгги суд мажлисларида иштирок этмади, унинг адвокатлари эса бир неча бор эҳтиёт чорасини ўзгартириш бўйича расмий мурожаат киритди.

Маълумот учун, ўтган йил июнь ойида Қирғизистонни 2011 – 2017 йилларда бошқарган Атамбоев “қонундаги ўғри” Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши тўғрисидаги иш бўйича коррупцияда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 11 йил-у икки ойлик қамоқ жазоси тайинланганди.

Қирғизистон Жазони ижро этиш давлат хизмати раиси Калибек Качкиналиев худди шу иш бўйича икки йиллик қамоқ жазосини олди. 

Суд, шунингдек, Атамбоевнинг мол-мулкини мусодара қилиш ва уни давлат унвонлари ва мукофотларидан маҳрум этиш тўғрисида қарор чиқарди. 

2020 йил ноябрь ойининг охирида Қирғизистон Олий суди Атамбоевга берилган ҳукмни бекор қилди ва унинг ишини кўриб чиқиш учун Бишкек шаҳрининг Первомайский туман судига юборди. 

Собиқ президент, шунингдек 2019 йил август ойида Қўй-Тош қишлоғидаги тартибсизликлар иши бўйича ҳам асосий айбланувчидир. 

2019 йил 7 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Атамбоевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳига бостириб киришга икки марта уринди. Эртаси куни ҳам тўқнашувлар давом этди ва 3000 га яқин полициячилар иштирокидаги махсус операция пайтида Атамбоев таслим бўлди. Тартибсизликлар пайтида 225 киши жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди. 

2020 йил 5 октябрда Қирғизистонда парламент сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилингандан кейин норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар парламент биносига бостириб киришди. Атамбоевнинг тарафдорлари уни колониядан озод қилишди, аммо кейин у яна ҳибсга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Алмазбек Атамбоев

Баҳолаганлар

169

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг