Индонезиядаги кўчкида 7 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
24 Январь 867 2 дақиқа
Индонезиянинг Ғарбий Ява провинциясига қарашли Ғарбий Бандунг минтақасида юз берган кўчки оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди, яна 82 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда Индонезия табиий офатларга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Кўчки бугун, 24 январга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат 02:00 атрофида Ғарбий Бандунгдаги Пасирлангу қишлоғида содир бўлган. Бурангранг тоғи ёнбағирларидан оқиб тушган кучли сув оқими қарийб 30 та уйни вайрон қилган. Кўчки юзага келишига бир неча ҳафта давомида ёғган кучли ёмғирлар оқибатида тупроқнинг бўшашиб кетиши сабаб бўлган.
Табиий офатларга қарши курашиш агентлиги вакили Абдул Муҳарининг айтишича, бедарак йўқолганлар сони расмий кўрсаткичдан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.
“Бедарак йўқолганлар сони жуда кўп. Бугун қидирув-қутқарув ишларини максимал даражада фаоллаштиришга ҳаракат қиламиз. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сонини аниқлаш жараёни ҳамон давом этмоқда”, дейди Абдул Муҳари.
Шундан сўнг маҳаллий ҳокимият кўчкиларга мойил ҳудудларда яшовчи аҳолини эвакуация қилиш тўғрисида қарор чиқарган. Дастлабки баҳолашларга кўра, кўчкидан зарар кўрган ҳудуд майдони тахминан 30 гектарни ташкил этади.
Бунгача Индонезия об-ҳаво агентлиги жорий йил 23 январдан бошлаб бир ҳафта давомида Ғарбий Ява провинциясида кучли ёмғирлар ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисалари кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Индонезияда ўрмонларнинг кесилиши (кўпинча пальма ёғига бўлган глобал талаб билан боғлиқ), иқлим ўзгариши ҳамда денгиз сатҳининг кўтарилиши табиий офатлар хавфининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Индонезиянинг Шимолий Сулавеси минтақасида сув тошқини оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлгани, яна бир неча одам бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси