Индонезиядаги кўчкида 23 нафар аскар ҳалок бўлди
Олам
−
27 Январь 1131 2 дақиқа
Индонезиянинг Ғарбий Ява вилоятида жорий йил 24 январь куни эрта тонгда содир бўлган кўчки оқибатида камида 23 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий расмийларга таяниб, “The Straits Times” хабар берди.
Қайд этилишича, кўчки Индонезия пойтахти Жакарта шаҳридан тахминан 100 километр жануби-шарқда жойлашган Пасир Лангу қишлоғида юз берган. Индонезия Денгиз кучлари вакили, биринчи адмирали Тунггулнинг айтишича, кўчки пайтида Индонезия–Папуа-Янги Гвинея чегарасида хизмат қилувчи денгиз пиёдалари учун ўтказилаётган ҳарбий машғулот давом этаётган бўлган. Оқибатда 23 нафар аскар тупроқ остида қолиб кетган.
“Ҳодиса кучли ёғингарчилик билан кечган экстремал об-ҳаво шароити туфайли юз берди. Бу машғулот майдонида кўчки келиб чиқишига олиб келди”, дейди Тунггул.
Индонезия Табиий офатларни бартараф этиш агентлиги вакили Абдул Муҳарининг маълум қилишича, кўчки оқибатида ҳалок бўлганлар сони дастлаб 17 нафар деб эълон қилинган бўлса, кейинчалик бу кўрсаткич 20 нафарга етган. Шунингдек, 42 киши ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Қутқарув ишларига 800 нафардан ортиқ қутқарувчи, ҳарбий ва полиция ходимлари, шунингдек, 9 та экскаватор жалб қилинган. Бундан ташқари, хавфли ҳудуддан 685 нафар маҳаллий аҳоли вақтинча эвакуация қилинган.
Хабарларга кўра, кўчки Ява оролида ёмғирли мавсум энг юқори чўққига чиққан пайтда содир бўлган. Сўнгги кунларда Индонезиянинг бир қатор ҳудудларида, жумладан Жакарта, Ғарбий ва Марказий Ява вилоятларида кучли ёмғирлар сабаб сув тошқинлари ва кўчкилар кузатилмоқда.
Live
Барчаси