Индонезияда тошқинлар оқибатида 52 киши ҳалок бўлди
Олам
−
05 Апрель 2021
2998Индонезиянинг шарқий қисмида ва унга қўшни бўлган Шарқий Тиморда ёғган кучли ёмғирлар бир қатор кўчкилар ва тошқинларни келтириб чиқарди, натижада камида 52 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда "Интерфакс" хабар бермоқда.
Индонезия Табиий офатларга қарши ёрдам агентлигининг маълумотларига кўра, мамлакатда камида 41 киши ҳалок бўлган, 27 киши бедарак йўқолган.
Шарқий Нуса-Тенгара вилоятидаги Адонара оролида жойлашган Ламенеле қишлоғида ўнлаб уйлар кўчкилар остида қолган.
Маҳаллий Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Ленни Олага кўра, қутқарувчилар уйлардан 35 жасадни олиб чиққан.
Оян Баян қишлоғида 40 та уй вайрон бўлган, учта жасад топилган ва юзлаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Вайбуракда уч киши ҳалок бўлган, етти киши бедарак йўқолган.
Оланинг сўзларига кўра, кўчки Адонара оролидаги бешта кўприкни вайрон қилган.
Шунингдек, Шарқий Тимор пойтахти Дилидаги кўчкилар 11 кишининг ҳаётига зомин бўлган.