Индонезияда Семеру вулқони отилди
Олам
−
21 Ноябрь 1254 1 дақиқа
Индонезиянинг Шарқий Ява провинциясида жойлашган Семеру вулқони 19 ноябрь куни яна фаоллашди. Бу ҳақда мамлакатнинг Вулқонология ва геологик офатларни юмшатиш маркази хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, отилиш вақтида вулқон кратеридан кўтарилган кул устуни 2000 метр, яъни денгиз сатҳидан 5676 метр баландликка чиққан. Кул булути машҳур сайёҳлик ҳудуди – Ява ороли устида осмонни қоронғулаштирган ҳолда қоплаб олди.
Вулқон фаоллиги кеча тушдан кейин бошланган. Ёнбағирлардан оқиб тушган қизиган кул ва пирокластик оқимлар сабабли юзлаб аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган ва вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилган.
Мутасаддилар аҳолини эҳтиёткорликка чақириб, кратер атрофидаги 2,5 километр радиусда юрмасликни қатъий тавсия қилди.
Маълумот учун, Индонезия дунёдаги энг йирик архипелаг бўлиб, таркибига 18 мингга яқин орол киради. Мамлакат Тинч океанининг “Олов ҳалқаси” деб номланувчи сейсмик фаол минтақада жойлашгани боис, вулқон отилишлари ва зилзилалар тез-тез кузатилади. Индонезияда 500 дан ортиқ вулқон мавжуд, уларнинг қарийб 130 таси фаол ҳисобланади.
Семеру мамлакатдаги тўртинчи энг баланд вулқон бўлиб, 3676 метр баландликка эга ва Ява оролининг энг баланд чўққиси саналади.
Комила Қобилова
Live
Барчаси