Имтиҳонга рўмолда кириш мумкин эмасми? Тошқулов жавоб берди
Интервью
−
16 Июнь 2022
26376Ёдингизда бўлса, ижтимоий тармоқларда Андижон давлат тиббиёт институтида рўмол ўраган қизларни якуний имтиҳонларга киритишмагани акс этган видеолар тарқалган эди. Ҳолатга бугун, 16 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган анжуманда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов муносабат билдириб, бундай қонун-қоида йўқлигини таъкидлади.
“Олий таълим тизимида шу саволга жавоб беришга қийналаман. Сабаби, бундай чеклов йўқ. Лекин, ҳар бир Олий таълим муассасасининг ўз дресскоди бор. Ўша коддан келиб чиқиб, бирортасининг дресскодида “Рўмол боғламасин”, деган жойи йўқ-ку. Фақат кўриниш, шакл, бошқа… Ҳар бир ОТМда шундай бўлиши мумкин. Бу мактаб эмас, Олий таълим муассасаси, 18 ёшдан юқорилар. Шунинг учун, бу ўшаларнинг нотўғри қилган иши. Ҳаммаси мустақил Олий таълим муассасалари. Пулини тўлаб ўқияпти. Ёши нуқтаи назардан ҳам унинг ҳуқуқи анча устувор. Биласизми, бу ўқитувчиларни мафкурада суғорилиб ишлаганларнинг, бунга ўхшаган жараёнларни бошқача—топшириқдай талқин қилиб, ўзича… фикримни тушунтира олдим, менимча”, дейди Тошқулов.
Маълумот учун, бу ҳолатга институт ахборот хизмати расмий муносабат билдириб, Андижон давлат тиббиёт институти Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли таълим муассасаси экани, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2022 йил 24-мартдаги 88-сонли “Тиббиёт ходимларининг одоб-аҳлоқ Кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғига асосан, тиббиёт муассасаси ходими ва талабалар оқ халат ва унга мос бош кийимда бўлишига алоҳида эътибор қаратилганини маълум қилиб, видеодаги қиз юқорида қайд этилган буйруқ асосида кийинмагани, назоратчи томонидан эса тартиб-қоидалар атрофлича тушунтирилганини билдирган.
LiveБарчаси