Имтиҳонда 189 балл олганлар нега контракт асосида ўқишга кирди?
Жамият
−
25 Сентябрь 2020
26976Хабарингиз бор, бугун, 25 сентябрь куни олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказилган тест синовларининг натижаси эълон қилинди. Ижтимоий тармоқларда эса тест натижаларидан 100 фоиз (189 балл) натижа олган абитуриентлар ҳам тўлов-контракт асосида ўқишга киргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Давлат тест маркази имтиҳонда 100 фоиз натижага эришган абитуриентларнинг давлат гранти асосида ўқишга киролмаганига изоҳ берди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисида Низомга тасдиқланган. Унга мувофиқ:
Республика (1-ўрин) ва халқаро танловлар ва мусобақаларнинг (Олимпия ўйинларида, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3-ўринлар) индивидуал турларида ғолиб чиққан академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар.
Республика (1-ўрин) ва халқаро танловлар ва мусобақаларнинг (Олимпия ўйинларида, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3-ўринлар) жамоа турлари ғолиблари ўз командалари таркибидан — академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари битирувчиларидан олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилиш учун уч номзодни белгилайдилар.
“Мазкур имтиёзга эга абитуриентлар умумий қабул параметрлари асосида талабаликка қабул қилинади, уларга қўшимча қабул параметрлари ажратилмайди”, дейилади ДТМ хабарида.
Жорий йил якуний танлов рўйхатида айрим бакалавриат таълим йўналишларида максимал 189 баллни тўплаган ҳолда, тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар мавжуд.
Мазкур таълим йўналишларига юқорида қайд этилган имтиёзга эга абитуриентлар ҳам рўйхатдан ўтган бўлиб, ушбу тоифадаги абитуриентлар сони ажратилган давлат грантлари сонига тенг ёки ундан кўп бўлган ҳолатлар ҳам учрайди.
Шунинг учун айрим бакалавриат таълим йўналишларида 189 балл тўплаган абитуриентлар ҳам тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган.
LiveБарчаси