Имтиҳон саволлари тарқалиб кетди: минглаб ёшлар бош кўтарди (фоторепортаж)

Олам

image

Ҳиндистонда имтиҳон саволларининг сиздирилиши ортидан минглаб ёшлар норозилик намойишларига чиқди. Намойишчилар мамлакат Таълим вазири Дхармендра Прадҳаннинг истеъфосини талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Намойишларга сабаб имтиҳон варақаларининг сизиб чиқиши билан боғлиқ можаро бўлди. Фаоллар бу ҳолат миллионлаб талабалар тақдирига таъсир қилганини, айрим ҳолатларда эса ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилганини билдирмоқда.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди можарога муносабат билдириб, имтиҳон саволлари сизиб чиқиши ортида турган шахсларни жавобгарликка тортиш учун тезлаштирилган судлар ташкил этилишини маълум қилди.

“Ёшларимизнинг фаровонлиги ва келажагидан муҳимроқ нарса йўқ. Имтиҳон варақалари сиздирилишига алоқадор шахслар қатъий жазоланади”, деб ёзди Моди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Бироқ бу баёнот намойишчиларни қаноатлантирмади. Улар ҳукуматдан нафақат айбдорларни жазолашни, балки Таълим вазири Дхармендра Прадҳаннинг истеъфосини ҳам талаб қилмоқда. Намойишларда асосий мухолифат партияси вакиллари ҳам қатнашиб, талабаларни қўллаб-қувватлаган. Конгресс партияси етакчиси Роҳул Ганди ҳукуматни таълим тизимидаги муаммолар учун танқид қилган.

Маълумотларга кўра, Янги Деҳлидаги Жантар Мантар майдонида ўтказилган намойишларда 10 мингдан ортиқ киши иштирок этган. Айрим жойларда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари оломонни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва таёқлардан фойдаланган. Намойишлар сабабли Деҳли метросининг марказий ҳудуддаги 16 та бекати вақтинча ёпилган.

Фаоллар эса норозилик акциялари вазир истеъфога чиққунга қадар давом этишини билдирган. Уларнинг айтишича, имтиҳон тизимидаги муаммолар бартараф этилмагунча кураш давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда олий таълимга кириш имтиҳонлари саволларининг тарқалиб кетиши ортдан норозилик намойишлари бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг