ОТМга кириш имтиҳон саволлари тарқалиши ортидан норозилик намойишлари авж олди (видео)
World
−
21 July 8922 2 minutes
Ҳиндистонда олий таълимга кириш имтиҳонлари саволларининг тарқалиб кетиши ортидан бошланган норозилик намойишлари давом этмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 20 июль куни Деҳли марказида парламент томон йўл олган минглаб намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берган. Оқибатда қарийб 180 киши жароҳатланган. Уларнинг 118 нафари полиция ва хавфсизлик ходимлари, 60 нафари эса намойишчилардир. Шунингдек, 70 киши қўлга олинган.
Норозилик намойишини ташкил этаётган “Cockroach Janta Party” (CJP) ҳаракати аъзолари Таълим вазири Дҳармендра Прадҳаннинг истеъфосини талаб қилмоқда. Уларнинг фикрича, май ойида 2 миллиондан ортиқ абитуриент топширган NEET тиббиёт олийгоҳларига кириш имтиҳони саволларининг сизиб чиқиши таълим тизимидаги чуқур коррупция белгиси ҳисобланади.
Ҳаракат асосчиси Абҳижит Дипке намойишлар давом этишини маълум қилиб, полиция томонидан куч ишлатилгани, жумладан, аёл намойишчилар ҳам калтакланганини даъво қилган.
Нашрга кўра, айни пайтда Деҳлининг Жантар Мантар майдонида яна юзлаб намойишчилар тўпланиб, Таълим вазирининг истеъфосини талаб қилмоқда. Шаҳар марказида хавфсизлик чоралари кучайтирилган, кўчаларда қўшимча полиция ва ҳарбийлаштирилган бўлинмалар навбатчилик қилмоқда.
Маълум бўлишича, Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазири Жагат Пракаш Надда CJP етакчилари билан учрашиб, уларнинг талабларини ҳукумат даражасида муҳокама қилиш учун вақт сўраган. Намойишчилар эса фақат вазир истеъфосини эмас, балки очлик акцияси вақтида ҳибсга олиниб, шифохонага ётқизилган фаол Сонам Вангчукни озод этиш ҳамда имтиҳон саволлари сизиб чиққани ортидан ўз жонига қасд қилган талабалар оилаларига 10 миллион рупийдан товон пули тўлашни ҳам талаб қилмоқда.
Мухолифат партиялари ҳукуматни тинч намойишчиларга нисбатан куч ишлатганликда танқид қилган бўлса, ҳукмрон “Bharatiya Janata Party” партияси вакиллари намойишлардаги зўравонлик олдиндан уюштирилган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ёшлар ўртасидаги ишсизлик, давлат ишларига қабул ва олий таълим имтиҳонларидаги мунтазам қонунбузарликлар Бош вазир Нарендра Моди ҳукумати олдидаги энг жиддий ижтимоий муаммолардан бирига айланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июнь куни Жанубий Африкада ноқонуний муҳожирлар мамлакатни тарк этиши учун белгиланган муддат тугагани сабабли мамлакатнинг турли шаҳарларида мигрантларга қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтган эди.
Live
All