Имомўғли учун 2352 йил қамоқ сўралди

Олам

image

Истанбул Бош прокуратураси шаҳарнинг собиқ мэри Экрем Имомўғлига қарши айблов хулосасини эълон қилди ва сиёсатчига коррупция айбловлари бўйича 2352 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси сўради. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, иш доирасида 402 киши тилга олинган, шундан 105 нафари ҳибсга олинган. Прокуратура хулосаси 3900 саҳифадан иборат бўлиб, унда жиноят ташкилоти тузиш, пора олиш ва фирибгарлик каби айбловлар мавжуд. Имомўғли “ташкилот асосчиси ва раҳбари” сифатида кўрсатилган, унга жами 142 та жиноят моддаси қўйилган.

Прокуратура зарар миқдорини 160 миллиард турк лираси (тахминан 3,7 миллиард доллар) ва 24 миллион доллар деб баҳолаган. Айбловга кўра, Имомўғли учун 828 йил ва 2 ойдан 2352 йилгача қамоқ жазоси талаб қилинган.

Экрем Имомўғли 2025 йилнинг 19 март куни ҳибсга олинган. У конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жиноий ташкилот тузиш ва Курдистон ишчилар партиясига ёрдам беришда айбланган.

Имомўғли 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий рақиби сифатида кўрилган эди. Human Rights Watch ташкилоти унинг ишини “сиёсий сабабларга кўра очилган тергов” деб атаган.

Қамалишидан бироз аввал, Истанбул университети Бош прокуратура сўрови асосида Имомўғли дипломини бекор қилган, бу эса уни қонун бўйича президентлик сайловида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этган – чунки Туркия қонунларига кўра, президентликка фақат олий маълумотли шахслар номзодини қўя олади.

Сентябрь ойида бўлиб ўтган суд мажлисида собиқ мэр айблов хулосасига ўз фикрини билдирган.

“Бу айблов хулосасини прокурор эмас, балки кейинги сайловда ютқазишини билган одам ёзган”, дея Ражаб Тойиб Эрдўғанни назарда тутган эди Имомўғли. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия халқаро жиноий суди Экрем Имомўғлини “сиёсий жосуслик”да айблаб, ҳибсга олиш ордерини чиқарганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Экрем Имомўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг