Имомали Раҳмоннинг танқидчисига суд ҳукми ўқилди
Олам
−
19 Октябрь 2021
12399Бугун, 19 октябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳар суди Россиядаги муҳожирларнинг ҳуқуқ ҳимоячиси Иззат Омонни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” ҳуқуқ ҳимоячисининг адвокати Саидбурхон Шариповга таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, Шарипов суд қарорига рози эмасликларини ва юқори инстанцияларга шикоят қилишларини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, Иззат Омон якуний нутқида айбини тан олиб, пушаймонлигини билдирган. Бундан ташқари, у амнистия бўйича афв этилишини сўраган ҳамда айбловга мувофиқ барча зарарни қоплаганини маълум қилган.
“Суд ҳукм чиқараётганда Тожикистон Республикаси қонунларини бузди. Жумладан, Жиноят кодексининг 49-моддаси ва “Амнистия тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасини бузди. Бу ҳукм ноқонуний ҳисобланади. Қонун кучга кирганда, суд адолат қилиши керак. Амнистия тўғрисидаги қонун менинг мижозимга нисбатан қўлланилиши керак эди”, дейди Саидбурхон Шарипов.
Маълумот учун, Иззат Омон (Холов) Имомали Раҳмонга қарши бўлган мухолиф “Ўзгаришлар, ислоҳотлар ва тараққиёт” партиясининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Тожикистон Президентининг танқидчиси ҳам ҳисобланган Иззат Омон Москвада жорий йилнинг 25 март куни йўқолиб қолганидан 1 кун ўтиб, Душанбедан топилганди. Кейинчалик, 27 март куни Иззат Омон Москванинг Тверской судининг қарори билан Россиядан депортация қилингани маълум бўлганди. Адвокат Омон Россия Федерациясида бўлиш қоидаларини бузганликда ва Россия фуқаролигини ноқонуний олганликда айбланган.
Хавфсизлик ходимларининг сўзларига кўра, у Тожикистондан келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида ўнга яқин одамни алдаб, улардан катта миқдорда пул йиғиб олган. Бундан ташқари, Омон Россия Федерациясида гиёҳванд моддалар савдосида айбланаётган жиноятчилардан бирини тергов изоляторидан озод қилиш нияти борлигини эълон қилган.
Холовнинг тарафдорлари депортация тўғрисидаги қарор ноўрин ҳамда уни Россия фуқароси деб ҳисоблайди.
Омон “Москванинг тожиклар маркази”га асос солиб, у орқали Россиядаги мигрантларга ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериб, Тожикистоннинг маҳаллий аҳолиси орасида шуҳрат қозонган.
LiveБарчаси