Тожикистонликлар Москвада намойишга чиқди

Олам

Кеча, 2 апрель куни Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси яқинида рухсатсиз митинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Sputnik” нашри ёзмоқда.

Маълум қилинишича, акцияга Россиядаги тожик мигрантлари орасида таниқли бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва адвокат Иззат Омон (Холов)нинг Россиядан чиқариб юборилиши сабаб бўлган.

Манбага кўра, Мир чорраҳасида жойлашган масжидда жума намозидан кейин одамлар элчихона биноси томон юриб, тегишли шиорларини айтиб бақирган.

Митингда бир неча юзлаб одамлар йиғилган. Кейин уларни полиция отряди тарқатиб юборган. Намойишда қатнашганларнинг тахминан 50 нафари ҳибсга олинган. Воқеада ҳеч ким жабрланмаган.

Қайд этилишича, намойишда қатнашган муҳожирларга Россия Федерациясининг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ санкциялар қўлланилади. Хусусан, жарима, ҳибсга олиш, депортация ҳам истисно этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг танқидчиси Иззат Омон Москвада йўқолиб қолганидан 1 кун ўтиб, Душанбедан топилганди. Кейинчалик, 27 март куни Иззат Омон (Холов) Москванинг Тверской судининг қарори билан Россиядан депортация қилингани маълум бўлганди. Адвокат Омон Россия Федерациясида бўлиш қоидаларини бузганликда ва Россия фуқаролигини ноқонуний олганликда айбланган.

Хавфсизлик ходимларининг сўзларига кўра, у Тожикистондан келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида ўнга яқин одамни алдаб, улардан катта миқдорда пул йиғиб олган. Бундан ташқари, Омон Россия Федерациясида гиёҳванд моддалар савдосида айбланаётган жиноятчилардан бирини тергов изоляторидан озод қилиш нияти борлигини эълон қилган.

Холовнинг тарафдорлари депортация тўғрисидаги қарор ноўрин ҳамда уни Россия фуқароси деб ҳисоблайди.

Омон “Москванинг тожиклар маркази”га асос солиб, у орқали Россиядаги мигрантларга ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериб, Тожикистоннинг маҳаллий аҳолиси орасида шуҳрат қозонган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1821

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг