Имомали Раҳмон Хитой ТИВ раҳбарини қабул қилди
Олам
−
19 Май
3881Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кеча, 18 май куни Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди. Бу ҳақда Тожикистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
“Хитой мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги энг йирик ҳамкорларидан бири ҳисобланади, сўнгги ўн йилда Тожикистон иқтисодиётига киритилган Хитой сармоясининг умумий ҳажми 3,8 миллиард долларни ташкил этди”, деган Имомали Раҳмон Ван И билан учрашувда.
У Тожикистон томони Хитой билан яшил ва рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва яшил технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни яратиш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини таъкидлаган.
Суҳбатдошлар саноат, хусусан, тоғ-кон саноати, шунингдек, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилган. Бундан ташқари, учрашувда хавфсизликни таъминлаш, жумладан, замонавий таҳдид ва хавфларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган. Матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар ШҲТ доирасида, “Марказий Осиё плюс Хитой” форматида ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган.
“Бу йил юқори ва олий даражадаги бўлажак мулоқот ва учрашувларни ҳисобга олган ҳолда, икки томонлама муносабатларда муҳим босқич бўлади”, деган Президент.
Ўз навбатида, Ван И Раҳмонга қабул учун миннатдорлик билдириб, унга Хитой раиси Си Цзиньпиндан энг эзгу тилакларини етказган. Хитой ТИВ раҳбари Тожикистон Президентининг республика ривожига қўшган улкан ҳиссасини қайд этди.
Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Венбиннинг маълум қилишича, Хитой ТИВ раҳбари 18-21 май кунлари Тожикистон ва Қозоғистонда расмий ташриф билан бўлади. У 21 май куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг Кенгаш йиғилишида иштирок этади.
Маълумот учун, ҳозирда Хитой Бош вазири ўринбосари Лю Гочжуннинг Марказий Осиё давлатларига сафари давом этмоқда. У аллақачон Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлган ва Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг еттинчи йиғилишида қатнашган. 16 май куни Лю Гочжун Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди. У Қозоғистондан сўнг Қирғизистонга ҳам борди. Хитой Бош вазири ўринбосарининг Марказий Осиёдаги 3 давлатга сафари 20 майгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонга сафар қилганди. Кэмерон мазкур сафардан Марказий Осиё мамлакатларига Буюк Британия ҳамда минтақада таъсир ўтказиш учун курашаётган Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилиш ўртасида “танлов” қилиш имконини беришни кўзлаганини очиқ айтди. Кэмерон кетганидан кўп ўтмай, 26 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди. Учрашувдан сўнг матбуотга баёнот берган Галузин Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифи Россияга максимал даражада зарар етказишга ва уни иттифоқдошларидан узоқлаштиришга қаратилганини таъкидлади.
LiveБарчаси