Имомали Раҳмон фуқароларни халқ шаънига доғ туширмасликка чақирди

Олам

image

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон республика фуқароларини сиёсий ҳушёр бўлишга, тожик халқи шаънига доғ туширмасликка, манфаатдор кучлар томонидан катталар ва болалардан фойдаланилишига йўл қўймасликка чақирди. Бу ҳақда у Рамазон ҳайити муносабати билан йўллаган табригида айтиб ўтди.

“Биз фарзандларимизни шундай тарбиялашимиз керакки, улар улуғвор аждодларимиз номи ва хотирасига муносиб бўлиб, халқаро майдонда давлат ва миллатнинг обрў-эътибори, ҳурматини юксалтирсин, ҳеч қандай ҳолатда тожик халқи шаънига доғ туширмасин”, деган у.

Раҳмонга кўра, ўз халқини шарманда қилган шахс қадимий ва бой маданиятга, жаҳонга машҳур тамаддунга эга бўлган тожик халқи учун нолойиқдир. Қолаверса, у дунёда кескинлик кучайиб бораётганини, бу ўта оғир ва хавфли шароитда фуқаролар ва болаларнинг манфаатдор кучлар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Шунингдек, у сиёсий ҳушёрликка, миллий қадриятларни англашга, қонун талабларига риоя қилишни ҳар куни мажбурий одатга айлантиришга, байрамни нишонлаш чоғида ортиқча исрофгарчилик ва дабдабабозликка йўл қўймасликка чақирган.

Тожикистон раҳбари фуқаролар пулни исроф қилиб, тўкин дастурхон ёзгандан кўра, хайрли ишлар билан шуғулланиши маъқул эканини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Имомали Раҳмон тожикистонликларнинг кўп маротаба Ҳажга боришидан норозилигини билдирган эди. Россиядаги терактда тожик фуқаролари айбланиши ортидан эса у террорчиларнинг миллати, ватани, дини бўлмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

чақириқ Имомали Раҳмон тожик халқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг