Имомали Раҳмон Эрондан Озарбайжонга борди
Олам
−
23 Май
8055Кеча, 22 май куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон давлат ташрифи билан Озарбайжонга борди. Бу ҳақда “Asia-Plus” нашри хабар берди.
Имомали Раҳмон Бакуга келиши биланоқ ҳурмат белгиси сифатида Озарбайжон халқи етакчиси Ҳайдар Алиев, Ҳайдар Алиевнинг рафиқаси Зарифа Алиева қабрига, Озарбайжонда ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг мангу олови пойига гулчамбарлар қўйди ва уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
“Azertac” давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, ташрифнинг расмий дастури бугун, 23 майга белгиланган.
Тожикистон раҳбари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан яккама-якка, шунингдек, икки давлат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар олиб бориши кутилмоқда.
Уларнинг натижалари асосида икки томонлама ҳужжатлар пакетини имзолаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Эрон халқига ҳамдардлик билдириш мақсадида ушбу мамлакатга борганди.
Жорий йилнинг 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича, ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.