Имомали Раҳмон ва Шаҳбоз Шариф Эронга жўнаб кетди
Олам
−
22 Май
8373Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Эрон халқига ҳамдардлик билдириш мақсадида ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда икки мамлакатнинг расмий сайтларида хабар берилди.
Тожикистон раҳбари матбуот хизматига кўра, ташрифдан мақсад Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдиришдир.
“Давлат раҳбари ва унга ҳамроҳлик қилаётган Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин, Президентнинг ташқи алоқалар бўйича ёрдамчиси Аъзамшо Шарифий ва бошқа расмий шахслар Раисий билан видолашув маросимида иштирок этади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакат халқига ҳамдардлик билдириш ва Президент Иброҳим Раисий билан расмий видолашув маросимида иштирок этиш учун Эронга ташриф буюришини маълум қилди.
Бундан ташқари, Шаҳбоз Шариф Эроннинг руҳий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий ва президент вазифасини бажарувчи Муҳаммад Мохбер билан ҳам учрашувлар ўтказади.
Маълумот учун, 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича, ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Республика сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Табриз шаҳрида Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар билан видолашув маросими бўлиб ўтганди. 22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши маълум қилинди.