Имомали Раҳмон Афғонистонда инклюзив ҳукумат тарафдори эканини айтди

Олам

image

Тожикистон ҳукумати Афғонистондаги вазият тинч йўл билан ҳал этилиши ва давлатда аҳолининг турли гуруҳлари манфаатларини ифодаловчи инклюзив ҳукумат ташкил этилиши тарафдори. Бу ҳақда Саудия Арабистонида бўлиб ўтган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” олий даражадаги биринчи саммитида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон айтиб ўтди. 

“Тожикистон ҳар доим Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келган ва биз аҳоли, айниқса, аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш учун барча этник, сиёсий ва ижтимоий гуруҳлар вакили бўлган инклюзив ҳукумат тузилишини қўллаб-қувватлаймиз. Бу тинчлик учун мустаҳкам замин яратади”, дейди у саммитда сўзлаган нутқида. 

Унинг қўшимча қилишича, Тожикистон вазиятни ҳал қилиш ва Афғонистондаги муҳтожларга гуманитар ёрдам етказиш бўйича барча дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. 

Шунингдек, у араб давлатлари ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини трансмиллий жиноятчилик ва наркотик моддалар савдосига қарши курашда ҳамкорлик қилишга чақирган. 

2021 йил баҳорида АҚШ ўз Қуролли кучларини Афғонистондан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг “Толибон” мамлакат устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни бошлаган эди. 15 август куни толиблар Қобулга жангсиз кириб келди ва 7 сентябрь куни қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди. 

2021 йил сентябрь ойи бошида Афғонистоннинг бутун ҳудуди устидан назорат ўрнатган “Толибон” тарафдорлари аёллар ва қизларга турли чекловлар қўя бошлади ва буни мамлакатда “тегишли исломий муҳит” яратиш зарурати билан изоҳладилар. Жумладан, 20 йилга яқин мавжуд бўлган Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилиб, ўрнига Исломий даъват, ҳидоят, амр ва маърифат вазирлигини ташкил этилди, қизларнинг мактабларга кириши чекланди ва кўчада, жамоат жойларида аёллар рўмол ўрашга мажбурланди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг