Имомали Раҳмон ҳам бир қатор раҳбарларни ишдан олди
Олам
−
09:42
8050Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кеча, 21 январь куни ҳукумат, судлар ва бошқа идораларда бир қатор кадрлар ўзгаришини амалга оширди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Республика ҳукуматига қарашли бир қатор вазирлик ва қўмиталар раҳбарлари пенсия ёшига етгани муносабати билан лавозимларидан озод қилинди. Уларнинг ўрнига эса ёш, тажрибали, малакали ва тилларни биладиган кадрлар тайинланди”, дейилади хабарда.
Жумладан, Меҳнат, миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш вазири Гулнора Ҳасанзода пенсияга чиқиши сабабли лавозимидан озод қилинган. Унинг ўрнига Солиҳа Ҳолмуҳаммадзода тайинланган. У 49 ёшда, 1998 йилда академик М.Осимий номидаги Тожик техника университетини муҳандис-технолог-механик мутахассислиги бўйича, 2002 йилда эса Тожикистон миллий университетини ҳуқуқшунос мутахассислиги бўйича тамомлаган. Сўнгги вақтларда Тожикистон Халқ демократик партиясидан депутат бўлган.
Хавфсизлик кенгаши котиби Насрулло Маҳмудзода бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод қилинган. Унинг ўрнига тайинланадиган шахс ҳали очиқланмаган.
63 ёшли Шермуҳаммад Шоҳиён Тожикистон Олий суди раиси лавозимидан бўшатилган. Унинг ўрнига 50 ёшли Рустам Мирзозода тайинланади, ҳозирда у Олий хўжалик судини бошқариб келмоқда.
Фавқулодда ҳолатлар қўмитаси раиси Рустам Назарзода пенсияга чиқиши муносабати билан лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига Раҳмонали Ражабали тайинланган. У 2013 йилдан буён Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Давлат чегара қўшинлари қўмондони лавозимида ишлаган. Эндиликда Чегара қўшинларига Муродали Ражабзода – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.
21 январь куни Раҳмон томонидан Олий суд, Олий хўжалик суди, Телевидение ва радио қўмитаси, шунингдек, унга қарашли қатор идоралар, давлат хизмати агентлиги, ижтимоий таъминот ва пенсиялар, ижро хизмати, Давлат тиббиёт университети, Жисмоний тарбия институти, Давлат тасвирий санъат ва дизайн институти каби муассасалар раҳбарияти бўйича жами 40 та фармон, қарор ва буйруқлар имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Азамат Есқараевни Адлия вазири лавозимидан озод қилиб, унинг ўрнига Ерлан Сарсембаевни тайинлаганди.
LiveБарчаси