Илон Маскнинг компанияси АҚШ разведкаси учун жосуслик тармоғини яратмоқда

Технология

image

Илон Маскга тегишли SpaceX компанияси Америка разведкаси билан махфий шартнома доирасида юзлаб жосуслик сунъий йўлдошлари тармоғини қурмоқда. Бу ҳақда кеча, 16 март куни манбаларга таяниб, "Reuters" хабар берди.

Маълумотларга кўра, компания 2021 йилда Пентагон қошидаги АҚШ Ҳарбий космик разведка миллий бошқармаси билан имзолаган 1,8 миллиард долларлик шартномага асосан Starshield (фойдаланувчиларга интернетга киришни таъминлаб берувчи бўлим) тармоқни яратиш учун масъулдир. "Reuters" бу билан АҚШ Мудофаа вазирлиги қуруқликдаги кучларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган паст орбитали сунъий йўлдош тизимларига катта сармоя киритганига ишора қилмоқда.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, агар иш муваффақиятли бўлса, SpaceX тармоғи АҚШ Қуролли Кучларининг Ернинг деярли исталган нуқтасида потенциал нишонларни тезда аниқлаш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. 

Шартномага кўра, компания паст орбиталарда ягона тизим сифатида ишлай оладиган юзлаб сунъий йўлдошлар билан янги разведка дастурини яратмоқда. Бу Америка ҳарбий департаментига тезда сайёранинг деярли исталган нуқтасининг юқори сифатли тасвирларини олиш имконини беради.

"Бундан ҳеч ким яширина олмайди", деган "Reuters" манбаларидан бири разведка тармоғининг имкониятларини тасвирлаб.

Қайд этилишича, 2020 йилдан буён ўнга яқин прототипли разведка сунъий йўлдошлари учирилган. Starshield ўз мижозларини узлуксиз интернет билан таъминлаш учун масъул бўлган 5500 га яқин сунъий йўлдошга эга SpaceXнинг Starlink тижорат тармоғидан ажралиб туради.

Нашр янги разведка йўлдошлари тармоғи қачон ишга тушиши ҳақида маълумот бермади. SpaceX ҳам ушбу маълумотга изоҳ бериш сўровларига жавоб қайтармаган.


Мақола муаллифи

Теглар

разведка SpaceX Илон Маск

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг