Қозонда биринчи МДҲ ўйинлари ўтказилади
Спорт
−
29 Август 2021
5723Жорий йилнинг 4-11 сентябрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида биринчи марта Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинлари бўлиб ўтади.
МДҲ ўйинларини ўтказиш ғояси Россия Федерацияси томонидан илгари сурилган. Бу таклиф 2018 йил 28 сентябрда Тожикистон пойтахти Душанбеда ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарлари Кенгашининг йиғилишида қўллаб-қувватланган.
Унда МДҲга аъзо 10 та (Россия, Арманистон, Озарбайжон, Молдова, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) давлатдан жами 2 000 нафар иштирокчи (шундан 1 500 нафари спортчи) иштирок этиши кутилмоқда. Спортчилар 14 дан 23 ёшгача бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.
Биринчи МДҲ ўйинлари дастуридан спортнинг 16 та тури, яъни бокс, стол тенниси, эркин ва юнон-рум кураши, белбоғли кураш, самбо, дзюдо, муай-тай, каратэ, баскетбол, ўқ отиш, бадминтон, футбол, рақс спорти ва бадиий гимнастика ўрин олган бўлиб, иштирокчилар 182 та медаллар жамланмаси учун курашади. Баҳсларни 400 нафар ҳакам бошқариб борса, ўйинларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш учун 10 000 нафар кўнгиллилар жалб этилиши режалаштирилган.
Ушбу ўйинларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – халқлар ўртасида анъанавий тарзда ўрнатилган дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимини амалга оширишдан иборат.
Маълумот учун, биринчи МДҲ мамлакат ўйинлари учун Ўзбекистон спорт делегацияси 15 та спорт турида 240 нафар спортчи билан баҳсларда иштирок этади.
LiveБарчаси