Илҳом Алиевнинг танқидчиси Францияда ўлдириб кетилди

Олам

image

Озарбайжонлик сиёсий қочқин Видади Искандерли жорий йилнинг 29 сентябрь куни Франциядаги уйида пичоқлаб кетилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Ўша куни уч номаълум шахс Искандерлининг Франция шарқида жойлашган Мюлуз шаҳридаги уйига бостириб кирган. Сиёсий муҳожирнинг акаси Огтай Искандерлининг сўзларига кўра, босқинчилар жигар ва ўпка дохил марҳум танасининг 20 дан ортиқ ерига пичоқ билан зарба берган. Видади оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган, у икки кундан сўнг – 1 октябрь куни шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

“Ҳозир полиция тергов ишларини олиб бормоқда, мен ҳозирча натижаларни билмайман, Видадига келсак, унинг кечаги ҳолатидан унинг омон қолмаслиги аниқ эди”, деди мухолифатчининг акаси.

Маълум қилинишича, француз полицияси айни вақтда тергов-суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Видади Искандерли ўзи ким эди?

Марҳум Видади Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг танқидчиси сифатида танилган. Озарбайжонда у “Демократияни ҳимоя қилишга кўмаклашувчи” нодавлат ташкилотига раҳбарлик қилган. 2011 йилда у 2010 йилги парламент сайловларида овоз беришга аралашгани учун жиноий иш бўйича уч йилга озодликдан маҳрум этилган эди. 2012 йилда афв этилганидан кейин у Грузияга, кейин эса Францияга қочиб кетган.

Яқинда Озарбайжон парламенти, Миллий Мажлис аъзоси Зоҳид Ўруж давлат раҳбари шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ишламаётганини, шунинг учун Алиевнинг танқидчилари “қонуний нишон сифатида зарарсизлантирилиши” кераклигини айтди.

Унинг сўзлари жамоат арбоблари ва мухолифатдаги сиёсатчиларни хавотирга солди, улар депутат шунчаки шахсий фикрини билдирди деб эмас, балки ҳукуматнинг кенгроқ ниятларини намойиш қилди, деб ўйлади. Депутат ўз баёнотларидан бирида Искандерлининг ўзини террорчи деб атаган.

Манбага кўра, Илҳом Алиев ҳукмронлиги йилларида Озарбайжонни кўплаб мухолифатчилар, фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар тарк этган. Лекин улар хорижда ҳам таъқибга учраган. Баъзилари номаълум шароитларда вафот этган, бошқалари эса номаълум шахслар томонидан ўлдирилган. 2021 йилда, тўрт ой ичида полиция фаоллар Вугар Рзу (Бельгияда) ва Байрам Мамедовнинг Туркияда чўкиб кетганини аниқлади. Ўша йили фаол Ҳусайн Бакихонов номаълум озарбайжонлар томонидан ҳужумга учраганидан икки кун ўтиб Тбилисидаги меҳмонхона томидан қулаб, ҳалок бўлганди.

Журналист Афғон Мухторли 2017 йилнинг май ойида Тбилисида ўғирлаб кетилиб, Озарбайжонга мажбуран олиб кетилган, тўрт ой ўтиб эса “Озодлик” радиосининг собиқ мухбири Фикрет Ҳусайнли Киевда калтакланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Видади Искандерли Огтай Искандерли Озарбайжонлик сиёсий қочқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made