Илҳом Алиевнинг собиқ куёви Бўстонлиқда халқаро туризм маркази қурмоқчи
Жамият
−
16 Декабрь
10715Бугун, 16 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қурилиши мўлжалланган халқаро туризм маркази тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Бўстонлиқда кўплаб янги мажмуалар барпо этилиб, Амирсой, “Белдирсой-Чимён-Нанай” курорти каби лойиҳалар амалга оширилган. Хусусан, сўнгги беш йилда 2 триллион сўмдан зиёд инвестиция киритилиб, 13 мингдан зиёд ўринга эга 59 та янги туризм иншооти ишга туширилган.
Бундай натижалар чет эллик инвесторларни ўзига тортмоқда, янада катта миқёсдаги лойиҳаларга йўл очмоқда. Жумладан, озарбайжонлик ишбилармон Эмин Агаларов бир қатор йирик хорижий компаниялар билан шерикликда Чорвоқ сув омбори бўйида “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази барпо этиш истагини билдирмоқда.
Лойиҳага кўра, унда дам олиш, чўмилиш ва спорт масканлари, меҳмонхоналар, коттежлар, тураржойлар бўлади. Халқаро брендларнинг дўконлари, ресторан ва хизмат шохобчалари очилади. Турли фестиваллар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади. Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилади. Келажакда ўзига хос туризм хабига айланиб, унда йил давомида дам олиш ва яшаш мумкин бўлади.
Президент Мирзиёев бу таклифни маъқуллаб, уни халқаро тажриба асосида лойиҳалаштириш ва босқичма-босқич қуриш зарурлигини таъкидлади. Бош вазир бошчилигида комиссия тузиб, лойиҳанинг ҳуқуқий асосини яратиш, инфратузилма масалаларини ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Маълумот учун, Эмин Агаларов Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг қизи Лейла Алиеванинг собиқ турмуш ўртоғи. Улар 2006-2015 йиллар бирга яшаган. Уч нафар фарзанди бор. Собиқ куёв нафақат хонанда, балки Agalarov Development компанияси вице-президенти ҳам.
LiveБарчаси