Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 30 млн сўмдан берилади

Жамият

image

Жорий йилда Ўзбекистондаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 30 млн сўмдан пул мукофоти берилади. Бу ҳақда бугун, 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, резерв ва захирадаги офицерлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш юзасидан ахборот берилиши чоғида маълум қилинди.

Қайд этилишича, ҳар йили мамлакатда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида нишонланиши Ўзбекистонда тинчликни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш, ватан озодлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш, бугун халқ орасида соғ-омон яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатишнинг ёрқин амалий ифодаси ҳисобланади.

Жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотини тўлаш таклиф қилинган.

Шунингдек, бу кунда уруш қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари, кексалар ва устозларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, ёлғиз ва кам таъминланган фахрийларнинг турар жойларини ободонлаштириш, турли хотира ва қадрлаш тадбирларини ташкил этиш режалаштирилган. Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ватан фидойиларининг хотираси ҳам улуғланади. Уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.

“Она Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган ҳарбий хизматчиларнинг мардлиги ва жасоратини тарғиб қилишга қаратилган маънавий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилади. Мамлакатимиз бўйлаб “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар, уч авлод учрашувлари, ижодий кечалар, танловлар ва оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 10 000 АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилган эди. Шунингдек, 2024 йилда бу сумма 20 млн сўмни ташкил қилганди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Иккинчи жаҳон уруши пул мукофоти меҳнат фахрийлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг