Иккинчи раунд: АҚШ ва Эрон музокаралари давом этади – ОАВ
Олам
−
14 Апрель 5561 2 дақиқа
Америка ва Эрон ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди 16 апрель куни Покистн пойтахти Исломобод шаҳрида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Теҳрондаги манбага таяниб, “The Atlantic” журналисти Араш Азизий маълум қилди.
Бироқ бу сана ҳали расман тасдиқланмаган. АҚШ томони ҳозирча музокаралар санасини белгилашга шошилмаётгани айтилмоқда. Айрим манбаларга кўра, Вашингтон аввал Ҳормуз бўғози ёпилишидан максимал даражада фойдаланмоқчи.
CNN хабарига кўра, АҚШ расмийлари янги учрашувни ўт очишни тўхтатиш муддати тугашидан олдин ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Музокаралар учун эҳтимолий жой сифатида Исломобод билан бирга Женева ҳам кўриб чиқилмоқда, аммо учрашув ўтказилиши ҳали аниқ эмас.
11 апрель куни Исломободда бўлиб ўтган биринчи музокаралар 21 соат давом этганига қарамай, томонлар келишувга эриша олмади. Дональд Трамп учрашув “яхши ўтганини” айтган бўлса-да, асосий келишмовчилик Эроннинг ядровий дастури масаласида сақланиб қолган. Шундан сўнг АҚШ Ҳормуз бўғози блокадасини эълон қилган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари музокараларда бўғоз масаласи, ядровий дастур, репарациялар ва санкцияларни бекор қилиш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинганини билдириб, жараён кескин кечганини қайд этган. Шу билан бирга, манбаларга кўра, музокаралар ижобий ривожланса, томонлар ўт очишни тўхтатиш муддатини узайтириши ҳам мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп топшириғига биноан Америка ҳарбийлари Ҳормуз бўғозида расман блокада бошлаганди. Блокада кеча, 13 апрель куни АҚШнинг шарқий вақти билан соат 10:00 да кучга кирган.
Live
Барчаси