Икки вилоятда ҳоким ёрдамчилари имтиёзли кредитларни талон-торож қилди
3-саҳифа
−
15 июл 5175 2 дақиқа
Андижон ва Сирдарё вилоятларида ҳоким ёрдамчиларининг фуқароларга ажратилган имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириши билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Олтинкўл тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “У.T.” ва “Қ.A.” МЧЖларнинг масъул шахслари, “Қайирма” МФЙ ҳоким ёрдамчиси ҳамда бошқалар ўзаро тил бириктириб, фуқароларга иссиқхона фаолиятини кенгайтириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштиргани аниқланган. Улар хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан амалда бажарилмаган ишларни ҳужжатларда бажарилгандек расмийлаштириб, 442,3 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Шунингдек, департаментнинг Мирзаобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Тошкент” МФЙ собиқ ҳоким ёрдамчиси ва бошқалар мазкур маҳаллада яшовчи 8 нафар фуқарога ажратилган 248 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағларини таъминотчи корхоналар орқали талон-торож қилгани аниқланган.
Бундан ташқари, департаментнинг Андижон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Л.A.” МЧЖ раҳбари А.К. ва “Форобий” МФЙ собиқ ҳоким ёрдамчиси фуқароларга ажратилган 163 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани маълум бўлган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятида омонат ҳамда кредит маблағларини ўзлаштирган шахслар аниқланганди.
Live
Барчаси