Икки эркак қурилиш қурбони бўлди
3-саҳифа
−
12 Октябрь 2023
745811 октябрь куни маҳаллий вақт билан 14:21 да Тошкент шаҳар Учтепа туманида бахтсиз ҳодиса юз берди. Оқибатда 2 киши ҳаётдан кўз юмди, яна бир киши эса шифохонага жойлаштирилган.
Гап шундаки, шу куни Бешқайрағоч кўчасида оқова сувлари учун мўлжалланган чуқурлик қазиш ишлари олиб борилаётганди. Аммо жараёнда ўпирилиш содир бўлган ва воқеа жойида иш олиб бораётган 3 нафар “Шафоат” масъулияти чекланган жамият ходимлари тупроқ остида қолиб кетган.
Маълумотларга кўра, бахтсиз ҳодиса вақтида жамиятнинг 5 нафар ходими ишлаётган бўлган. Уларнинг икки нафарига зиён етмаган ва уйларига жавоб берилган, аммо 3 нафари тупроқ остида қолиб кетган. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари етиб келган. ФВБнинг 2 та қутқарув отрядидан 16 нафар ходим қутқарув ишларига жалб қилинган. Аммо тупроқ остидан чиқариб олинган одамларнинг 2 нафари аллақачон жон берган эди. Тирик қолган 1 нафар ходим ҳам айни пайтда шифохонада.
Шу куннинг ўзида туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Кейинроқ ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 258-моддалари (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", деди у.
Ҳозирча вафот этган ва жабрланган ходимларнинг оиласига тўлаб берилиши керак бўлган компенсация миқдори ҳақида гапирилмади. Меҳнат кодексининг 192 ва 194-моддасида ходим меҳнат вазифаларини бажариши сабабли вафот этса зарар тўланиши шартлиги, ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги белгиланган. Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган ва яраланган ходимларга тўланадиган пул миқдори эса тергов ишлари якунлангач, маълум қилинади.
Сўнгги вақтларда мамлакатда қурилиш ва таъмирлаш соҳаси, шунингдек, меҳнат хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кўп содир бўлмоқда. Таъмирланаётган кўприк ва янги қурилаётган ер усти метросининг қулаб тушиши ҳамда “Сувсоз” ходимларининг заҳарланиб, вафот этиши шулар жумласидандир. Ушбу маълумотлар эса меҳнатни муҳофаза қилиш тизими ва қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш кераклигидан далолат беради.
Иш вақтида хавфсизлик қоидаларига амал қилишни ва эътиборли бўлишни унутманг! Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ'да кузатиб боринг.