Икки давлатда парранда гриппи кенг тарқалди
Олам
−
05 Февраль 2020
11237Юқори патогенли парранда гриппининг тарқалиш ҳолати Саудия Aрабистони ва Вьетнамда қайд этилди. Бу ҳақда Жаҳон ҳайвонлар саломатлигини сақлаш ташкилоти хабар берди.
Саудия Aрабистони Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан маълум қилинишича, мамлакатнинг марказий қисмидаги парранда фермасида H5N8 вирусини юзага келтирган грипп аниқланган. Касалликдан 22,7 мингта парранда нобуд бўлган, яна 385 мингта парранда сўйилган.
Вьетнам Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан хабар берилишича, мамлакатнинг шимолида, Хитой билан чегара яқинида жойлашган қишлоқда парранда гриппи аниқланган. Mазкур ҳудуддаги уч мингта паррандадан 2,2 мингтаси ўлган.
Aввалроқ, Хитойда коронавирус эпимаркази яқинидаги ҳудудда парранда гриппи тарқалгани ҳақида хабар берилган эди.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 492 нафарга, у билан касалланганлар сони 24552 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.