Икки бош битта тана: энг матонатли 9 сиам эгизаги

Бу қизиқ

image

Сиам эгизаклари – тана аъзолари бир-бирига жисмонан бириккан эгизаклар бўлиб, ҳомиладорликда эмбрионларнинг тўлиқ ажралмай қолиши оқибатида юзага келади. Бу жуда кам учрайдиган ҳодиса бўлиб, тахминан ҳар 189 мингта туғилишдан бирида учрайди. Жануби-ғарбий Осиё ва Африка ҳудудларида сиам эгизаклари туғилиши нисбатан кўпроқ учрайди. Аммо дунёга келаётган бундай эгизакларнинг тахминан тенг ярми ўлик ҳолда туғилади ёки учдан бир қисми кейинги йигирма тўрт соат ичида вафот этади. Қизиқарли жиҳати шундаки, омон қолган сиам эгизакларининг 2/3 қисмини аёллар ташкил қилади.

Мақолада бир танада яшаса-да, катта муваффақиятларга эришган, операция натижасида иккига ажралган ва омадсиз амалиёт қурбони бўлган сиам эгизаклари ҳақида сўз боради. Улар билан танишар экансиз, икки фикр, икки ҳиснинг бир танада жам бўлиши нақадар мураккаб ҳодиса эканини англайсиз.

Чанг ва Энг Бункерлар – 21 фарзанднинг оталари

1811 йилнинг 11 майида туғилган сиам эгизаклари – Чанг ва Энг сиам эгизаклари атамаси пайдо бўлишига сабабчилардир. Боиси улар аввал Сиам деб аталган Таиландда дунёга келган. Аммо 1829 йилда шифокорлар томонидан текшириш учун АҚШга олиб кетинган. Кейинчалик эгизаклар Америка ва Европада “ғайриоддий одамлар” кўргазмаларида қатнаша бошлайди ва шу орқали катта машҳурликка эришади ва 1839 йилда гастролларни тўхтатиб, Шимолий Каролинада яшашга қарор қилади.

Чанг ва Энг АҚШ фуқаролигини олиб, опа-сингилларга уйланган ва жами 21 фарзанд кўрган. Шунингдек, улар қул сотиб олиш даражасида молиявий барқарорликка эришади. 62 ёшга етганда аввал Чанг, бир неча соат ўтиб эса Энг вафот этади. Жасадларни ўрганиш чоғида, эгизаклар жигар ва кўкрак суякларини боғлаб турган пай орқали бирикиб тургани аниқланган.

Лазарусь ва Жоаннес Коллоредо – бири қотиллик қилган, иккинчиси ўлим жазосидан қутқариб қолган эгизаклар

1617 йилда Италиянинг Генуя шаҳрида туғилган Лазарусь ва Жоаннес исмли сиам эгизаклари Европа бўйлаб “ғайриоддий одамлар” кўргазмаларида қатнашади. Жоаннеснинг юқори танаси ва чап оёғи Лазаруснинг танасидан чиқиб турарди. Жоаннес асосан Лазаруснинг паразит эгизаги эди. У гапира олмасди, кўзлари ҳар доим юмуқ бўларди ва оғзи доим очиқ эди.

Айтилишича, Лазарусь хушмуомала ва келишган одам бўлган, шунингдек, соғлом фарзандлар кўрган. У одам ўлдиргани учун ўлим жазосига ҳукм қилинади. Аммо бегуноҳ эгизаги ҳам ўлиши мумкинлиги боис, ҳукм ижро этилмайди. Уларнинг ўлим санаси эса номаълум.

Милли и Кристин Маккой – қулликдан озод бўлган эгизаклар

1851 йилнинг 11 июлида қуллар оиласида туғилган Милли ва Кристин ёш болалигидаёқ ноодатий хусусиятлари учун пул ишлаш мақсадидаги одамлар томонидан сотиб олинган. Кейинчалик улар бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиб, қўшиқ айтиш ва рақс тушиш орқали томошабинларни хушнуд этган. Бу фаолият уларга кўп йиллар давом этган қуллик, мажбурий тиббий текширув ва тадбирларда “ғаройиб одам” сифатида иштирок этишнинг оғир оқибатларини енгиб ўтишга ёрдам берган.

Улар бир неча маротаба сотилган, бироқ озодлик тўғрисидаги фармон чиқарилгач, қулликдан озод этилган ва ота-оналарига қайтарилган. 1912 йилда сил касаллиги оқибатида дастлаб Милли, 12 соат ўтиб эса Кристин ҳам оламдан кўз юмади.

Жакамо ва Жованни Баттиста – муштлашиб қоладиган эгизаклар

Ушбу сиам эгизаклари Италиянинг Локана шаҳрида тахминан 1875 ва 1877 йиллар орасида туғилган. Бошқалардан фарқли жиҳат шундаки, улар икки оёқ, тўрт қўл, икки юрак ва алоҳида диафрагмага эга эди, аммо катта ва кичик ичаклари умумий бўлган.

Шунга қарамай, ҳар бири ўз оёғини ўзи бошқарган ва эгизагининг танасини ҳис қилмаган. Улар ҳам бошқалар каби бутун дунё бўйлаб кўплаб “ғайриоддий одамлар” кўргазмаларига олиб борилган ва турли шифокорлар томонидан текширувдан ўтказилган. Жакамо ва Жованни итальян, француз ва немис тилларида гаплаша олган ва ўзаро келишмовчиликларни муштлашиш орқали ҳал қилган. Уларнинг шахсиятлари ҳам фарқ қилган: Жованни пиво, Жакамо эса минерал сув ичишни ёқтирган, қолаверса, Жакамога қараганда Жованни гапдон бўлган. Улар АҚШда ҳафтасига минг долларгача тўланадиган кўрсатувларда иштирок этиб, нафақага чиққач, Италияга қайтиб, ҳашаматли вилла харид қилган.

Маша ва Даша Кривошляповалар – қийноқли тажрибалар ўтказилган эгизаклар

Россиялик сиам эгизаклари Маша ва Даша 1959 йилнинг 3 январида туғилган. Уларнинг онаси Екатерина Кривошляпова эгизакларни табиий йўл билан дунёга келтириш учун икки кеча-кундуз қийналган, бироқ ҳеч қачон фарзандларини кўрмаган. Унга “оғир ногирон бола” туғилгани айтилиб, эгизаклар олиб кетилган.

Маша ва Даша бел соҳасида 180 даража бурчак остида бириккан эди. Уларда икки бош, икки тана, тўрт қўл, биттадан оёқ бор эди ва учинчи оёқ орқада жойлашган бўлиб, рудиментар (ривожланмаган) бўлса-да, ҳаракатлана олган. Улар устида олиб борилган тиббий тажрибалар кейинчалик энг шафқатсиз ва қийноққа ўхшаш тажрибалар сифатида танилган.

Шифокорлар тажриба учун эгизакларнинг бирини муздек сувга тушириб, ўлимга яқин ҳароратга олиб бориб, иккинчисида қандай ўзгаришлар юз беришини кузатган. Улар куйдирилган, очлик ва уйқусизликка дучор этилган, ҳаттоки, электр токига уланган.

Яна бир оғир тажриба асосида эгизаклар ошқозонларига махсус зонтлар киритилиб, меъда суюқлиги доимий назорат қилинган. Таҳлил учун кунига уч марталаб қон олинган. 1956 йилда Маша ва Даша илмий тадқиқот институтига олиб борилади ва у ерда 8 йил давомида яширин сақланади. 1964 йилга келиб, уларнинг мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқалади ва шундан сўнг интернатга кўчирилади.

Уларнинг феъл-атворлари турлича эди: Маша ўзига ишонган, ҳазилкаш ва ўғил болаларга ўхшаш характерга эга бўлган, Даша эса бунинг акси эди. Маълум пайт улар спиртли ичимликка ружу қўяди. Кейинчалик эса оналари билан учрашишга муяссар бўлган. 2003 йилнинг 14 апрелида Маша юрак хуружидан вафот этади, 17 соат ўтиб эса Даша ҳам ҳаётдан кўз юмади.

Ладан ва Лале Бижанилар – бир-биридан ажралишни истаган, ажралгач эса вафот этган эгизаклар

Ладан ва Лале 1974 йил 17 январь куни Эронда туғилган ва 2003 йил 8 июлда вафот этган. Ладан юрист, Лале эса журналист бўлишни хоҳлаган. Аммо улар Ладаннинг истагини танлаб, Теҳрон университетида тўрт йил давомида ҳуқуқшуносликни ўрганади.

Эгизаклар бир-биридан ажралишни жуда хоҳлайди ва 1996 йилда Германияга боради. Бироқ шифокорлар операция ўта хавфли эканини айтиб, мурожаатни рад этади. Ўз мақсадларидан қайтмаган Ладан ва Лале 2002 йилнинг ноябрида операция учун Сингапурга йўл олади. Эгизаклар Сингапурда 8 ой давомида чуқур психологик ва ҳуқуқий текширувлардан ўтади.

2003 йил 6 июлда бошланган операцияда 28 нафар шифокор ва 100 дан ортиқ тиббий ходимлар иштирок этади. Жараён ниҳоятда мураккаб бўлган, чунки уларнинг мияси умумий қон томир орқали бириккан эди. Бундан ташқари, операция давомида яна бир нечта аниқланмаган қон томирларига дуч келинади. Жарроҳлардан бири Бен Карсон операцияни тўхтатишни таклиф қилади, аммо докторлардан бири бунга рози бўлмайди.

8 июлда ажратилган Ладан ва Лале жуда оғир ҳолатга тушиб қолади, чунки қон йўқотилиши ниҳоятда катта эди. Ўша куни 14:30 да Ладан, ундан 90 дақиқа ўтиб эса Лале операция столида жон таслим қилади.

Эбигейл ва Бриттани Ҳенселлар – икки бошли ўқитувчилар

Икки бош битта танага эга америкалик сиам эгизаклари Эбигейл ва Бриттани 1990 йил 7 мартда туғилган. Уларда алоҳида юрак, ошқозон, умуртқа поғонаси, орқа мия ва ўпка мавжуд эди.

Уларнинг ҳар бири бир қўл ва бир оёқни бошқаради, бу эса умумий ҳаракатларда катта муаммо туғдиради, чунки бундай ҳаракатлар ҳамкорликни талаб қилади. Қизиқ томони шундаки, Эбигейл ва Бриттани бир вақтда алоҳида овқатланиш ва ёзиши мумкин. Эбигейл ва Бриттани 2013 йилдан бери Миннесотада ўқитувчилик қилмоқда ва соғлом йигитга турмушга чиққан.

Рональд ва Дональд Галёнлар – энг узоқ яшаган сиам эгизаклари

1951 йилнинг 28 октябрида АҚШнинг Огайо штатида дунёга келган Рональд ва Дональд исмли сиам эгизакларида бир неча ички аъзолар бирикиб кетган эди ва шунинг учун улар икки ёшгача шифохонада қолган.

Эгизаклар ҳеч қачон расмий таълим олмаган, чунки мактаблар уларни бошқа болалар учун чалғитувчи деб ҳисоблаган. Рональд ва Дональднинг отаси уларни АҚШ, Лотин Америкаси ва Канадага кўргазмаларга олиб бориб, шу орқали пул топган.

2020 йил 4 июль куни эгизаклар юрак етишмовчилиги туфайли 69 ёшда вафот этган. Улар дунёдаги энг узоқ яшаган сиам эгизаклари сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Карл ва Кларенс Агиррелар – ажратилган эгизаклар

Филиппинлик ҳамшира Арлин сиам эгизаклари Карл ва Кларенсни дунёга келтиради. Гарчи болаларнинг бундай туғилиши ҳомиладорлик текширувлари пайтидаёқ аниқланган бўлса-да, аёл католик дини вакили бўлгани учун абортдан бош тортган.

Болалар бош қисмидан бир-бирига бириккан эди ва кесарча кесиш йўли билан туғилган. Агар улар ажратилмаса, саккиз ойдан ортиқ яшай олмаслиги эҳтимоли айтилади ва 2003 йилнинг февралида нью-йорклик болалар нейрожарроҳи Жеймс Гудрич жамоаси ажратиш операцияси учун тайёргарликка киришади. Октябрда эса бир неча босқичли операция бошланади.

Ниҳоят, 2004 йил 4 август куни Карл ва Кларенс муваффақиятли ажратилади ва ҳозирда улар оддий ҳаёт кечирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

сиам эгизаклари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг