“Икки 15 бир 30”: СЭС раиси ўринбосарлари қайта ўз ўрнига тайинланди
Жамият
−
13 Октябрь 2023
8545Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисига ўринбосарлар тайинланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Манбага кўра, Нурмат Отабеков Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Отабеков 2020 йилдан шу вақтга қадар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Худди шу йилдан бошлаб Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг илм-фан ва инновация бўйича ўринбосари сифатида фаолият кўрсатаётган Ботиржон Қурбанов эса СЭС қўмитасининг раис ўринбосари лавозимига ўтди.
Шунингдек, Қобилжон Ҳайитов Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тасдиқланган. У авваллари Давлат солиқ қўмитаси Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси Бухгалтерия бўлими давлат солиқ бош инспектори бўлиб ишлаган.
Маълумот учун, жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан бугунгача Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида қўмитага айлантирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, ўзгаришлардан сўнг “СЭС” раҳбари ўтирган ўрнини йўқотмаганди.