Ихтиёр Абдуллаев 18 йилга қамалди
Жамият
−
27 Сентябрь 2019
22538Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича суд якунига етди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ушбу жиноий иш бўйича суд ҳукмини эълон қилди.
Маълумот ўрнида, Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан суд иши жорий йилнинг июль ойида бошланган эди.
Икки ойдан ортиқ давом этган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, уч юздан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди, дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилди.
Натижада, Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Шунингдек, суднинг ҳукми билан: ДХХ раисининг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Игамов 16 йил, ДХХ раисининг собиқ маслаҳатчиси Алишер Ишанходжаев 17 йил, Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари Ёркин Абдуллаев 14 йил, Адлия вазирлиги Кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Юсуфбой Ходжаев 8 йил, Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Ғайрат Хидоятов 5 йил, Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баходир Деҳқонов 5 йил, Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиндилар.
Қолган 15 нафар судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, жазолар тайинланди.
Бундан ташқари, суд томонидан жиноятлар оқибатида давлат, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилган тегишли чоралар белгиланди.
Маълумот учун, Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январидан 2019 йилнинг февралига қадар ДХХга раҳбарлик қилди.
У 2015 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида ишлаган. 2010 йилдан 2015 йилга қадар Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган.
QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, Ихтиёр Абдуллаевни тергов қилиш ишлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви – Президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари – Триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров томонидан олиб борилган.
Эслатиб ўтамиз, Ихтиёр Абдуллаев иши Ўзбекистон ҳарбий судида кўриб чиқиляпти ва тамомила ёпиқ ҳолатда ўтказилди.
LiveБарчаси