ИИВ: Навоийда ЙҲХБ инспектори калтакланди
Жамият
−
19 Август 2019
8479Жорий йилнинг 17 август куни соат 19:10 ларда Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ инспектори Навоий шаҳар, Ислом Каримов кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келган, давлат рақам белгиси 85 971 SAA бўлган Cobalt русумли автомашинани пиёдага йўл бермаганлиги учун тўхтатиб, ҳайдовчидан автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишини сўраган.
ИИВ Матбуот хизматининг хабарига кўра, ҳайдовчи Жасур Сайитовда мазкур автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатлари бўлмаган. Шу сабабли, инспектор қонуний тартибда ҳайдовчи Жасур Сайитовга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани Навоий шаҳридаги жарима майдончасига олиб келган.
Бундан хабар топган ҳайдовчи Жасур Сайитовнинг 44 ёшли отаси Алишер Ҳайитов жарима майдончасига маст ҳолатда келиб, инспектор томонидан автомашина жарима майдончасига қўйилишига фаол қаршилик кўрсатган. Сўнг уни ҳақоратлаб, унга қўл кўтарган ва тан жароҳати етказган. Натижада жиддий жароҳат олиб, РШТЁИМ Навоий филиалига олиб борилган. Ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси