ИИБга олиб кетилган 103 ҳайдовчиларининг ҳуқуқлари бузилганми? Адвокат ҳолатни изоҳлади

Бу қизиқ

image

Йўлларда камералар томонидан қайд этилган қоидабузарликлар ортидан видеомурожаат билан чиққан тез тиббий ёрдам автомобили ҳайдовчилари ва уларни видеога олган шахс ички ишлар органлари ходимлари томонидан Учтепа туман ИИБга олиб борилган бўлса, бу мажбурловга хос ҳаракат ҳисобланиб, уларнинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқлари амалда чекланишига йўл қўйилганидан далолат беради. Бу ҳақда адвокат Абдумалик Абдуллаев ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

“103 ҳайдовчилари Учтепа тумани ИИБга олиб кетилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Унда кўрсатилган ҳолатлар айрим ҳақли саволларни келтириб чиқарди, ҳамда агар улар ўз тасдиғини топса, бир қатор процессуал қонунчилик талаблари бузилган деб ҳисоблаш мумкин бўлади. 

Биринчидан, “Бизга президентнинг сиёсатига қарши чиқиб нотўғри маълумот тарқатганимизни айтиб, ҳаммадан икки нусхадан тушунтириш хати олишди” деган маълумотда, ички ишлар ходими қандайдир ҳолатни аввалдан ўзи айтиб, тушунтириш хати ёздириб олишга эришганликда ифодаланган ЖПКнинг 88-моддаси талабларига зид ҳаракат мавжудлигини кўриш мумкин.

Иккинчидан, видеода қатнашган ва видеога олган инсонлар ички ишлар органлари ходимлари томонидан Учтепа туман ИИБ га олиб борилган бўлса, бу мажбурловга хос ҳаракат ҳисобланиб, уларнинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқлари амалда чекланишига йўл қўйилганидан далолат беради. Чекланиш пайтидан бошлаб адвокат хизматидан фойдаланиш имконияти яратиб берилиши лозим эди деган ҳақли эътирозни келтириб чиқаради. 

Учинчидан, Учтепа туман ИИБда шахснинг идентификациясини аниқловчи маълумотлар базаси мавжуд бўлгани ҳолда олиб борилган инсонларнинг фотосуратлари ва бармоқ излари олинишида қанчалик зарурият мавжуд эди? 

Агар уларнинг шахсини аниқлашда зарурият мавжудлиги важи илгари сурилса, 399-сонли қарор  (“Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори – таҳр.) талабларидан келиб чиққанда, 2023 йил 1 январдан бошлаб фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилмадими ёки бошқа сабаб борми? 

Амалда бармоқ излари намуналари олишда алоҳида процессуал тартиб мавжуд. Хусусан, ЖПКнинг 188-моддасига мувофиқ, суриштирувчи, терговчи ёки суд тирик одамдан ўзида унинг хусусиятларини акс эттирувчи анатомик – тери нақшининг чизиқларини акс эттирувчи намуналар олиниши мумкин. 

Бунда ЖПКнинг 191-моддаси талабига кўра, намуна олиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради, 197-модда талабига кўра, намуналар олиш баённомаси тузади.

Албатта, бу процессуал ҳаракат ЖПКнинг 329-моддаси талабидан келиб чиққанда, терговга қадар текширув босқичида эмас, балки жиноят иши қўзғатилгандан сўнг амалга ошириладиган ҳаракат ҳисобланади.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат бўйича баёнот бериб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётганлигини тасдиқлади.

Тўртинчидан, ички ишлар ходими томонидан 15 суткага қамалиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот ошкора янграши – ИИБга олиб борилган инсонларга психологик босим ўтказиш, деб баҳолаш мумкин. 

Бешинчидан, агар ёлғон ахборот тарқатганлик ҳақидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги билан боғлиқ терговга қадар текширув олиб борилаётган бўлса, муайян ҳайдовчининг жарима тўлаш ҳақидаги хабарномасини бошқа ҳайдовчи ёки шахс гўёки ўзиники каби маълум қилганлик замирида ёлғон ахборот тарқалганлик ҳолати тўлиқ ифодаланмаганлигини кўриш мумкин. Чунки ахборот объектив ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги ҳақида хулоса қилишда, барибир ҳайдовчига нисбатан жарима факти мавжудлигидан келиб чиқилиши керак деб ҳисоблайман”, деб ёзган адвокат Абдуллаев. 

Айни вақтда Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида юқоридаги ҳолат бўйича суд мажлиси ўтказиляпти. QALAMPIR.UZ мухбири воқеа жойидан тезкор хабар узатади. Сайтимизни кузатиб боринг. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 январь куни Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчилари қоидабузарликлар учун жарима баённомалари келаётгани сабаб видеомурожаат билан чиққан эди. Улар чақирув бўйича ҳаракатланган вақтларида тезликни ошириш, “полоса”ни босиш, қизил чироқда ўтиб кетганлик учун жаримага тортилганларини айтишган. 

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўшма баёнот берди.
Унда қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17-1-моддасига кўра, тезкор ва махсус хизматларнинг транспортлари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспортлар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳуқуқбузарликлар автоматлаштирилган техникалар орқали аниқланганда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилганда ҳайдовчиларнинг қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади. 

Мазкур ҳужжатнинг 271-моддасига кўра, шахс ҳаракатни охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас. Бошланган иш эса тугатилиши белгиланган.

9 январь куни 9 нафар тез ёрдам ҳайдовчилари ва Махсуслаштирилган автокорхона (103 автомобиллари гаражи)нинг 3 нафари ходими Учтепа тумани ички ишлар бўлимига олиб кетилган, ҳайдовчиларнинг 8 нафари қўйиб юборилиб, мурожаатни видео тасвирга олган Миразиз Самигов Учтепа туман ИИБда олиб қолинган.

Тошкент шаҳар ИИБ ҳолатга изоҳ бериб, Учтепа тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг