ИИБ дан ёш йигитнинг ўлиги чиқди (видеорепортаж)

3-саҳифа

Чирчиқ шаҳар ички ишлар бошқармаси тергов ҳибсхонасидан 22 ёшли боланинг ўлиги чиқди. 

2 декабрь куни QALAMPIR.UZ’га Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов ҳибсхонасидан 2001 йилда туғилган Абдуллоҳ исмли йигит ўзини осган ҳолда топилгани ҳақида хабар келиб тушди.  

Унда айтилишича, йигит жорий йилнинг 20 ноябрь куни ўғрилик жиноятида гумонланиб қамоққа олинган.  У 1 декабрь куни тунги соат 02:30 ларда ҳибсхонада вафот этган.   

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси маҳбус ўлганини тасдиқлади, тўғрироғи ўз жонига қасд қилганини айтди. 

QALAMPIR.UZ ўлароқ воқеанинг расмий тафсилотларига тўхталишдан аввал шуни алоҳида таъкидламоқчимиз. Шахсан мен бошчилигимда таҳририят аъзолари бизга маълумот келиб тушган заҳотиёқ Чирчиқ шаҳар суд-тиббиёт экспертизасига бордик. Хўш, нега? Чунки йигит ўзини осгани ҳақидаги расмий маълумотлар берилаётган бир пайтда унинг яқинлари марҳумнинг танасида кўкарган излар борлиги, у ўзини осмагани, балки ўласи қилиб калтакланганини иддао қилди. 

Суд-тиббиёт экспертизасига прокуратура ва ички ишлар вакиллари ҳам келди ва марҳум Абдуллоҳнинг яқинларига у ўз жонига қасд қилганининг исботи ўлароқ тергов изолятори камерасидаги тасвирларни кўрсатишлари мумкинлигини айтишди. Шу тариқа, йигит ўзини осаётгани акс этган кадрларни марҳумнинг отаси ва Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлагановга, улардан сўнг, QALAMPIR.UZ ходимларига кўрсатилди. 

Йигитнинг ўз жонига қасд қилишига нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас. Ҳибсхона камерасидаги тасвирларга кўра,  йигит ўзини чойшабга осган.  Марҳум ўзини осгани айтилган  бўлса-да,  унинг яқиинлари ўғлининг бурни сингани ва танасида жароҳатлар борлигини айтмоқда ва такророан экспертиза ўтказишни талаб қилмоқда.  

Энди эса токи ушбу воқеа ҳақида QALAMPIR.UZ хабар бермагунча талқон ютгандек, хабар бермай ўтирган Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг маълумотига тўхталсак. 

“2001 йилда туғилган фуқаро A.Ў. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.

Тергов давомида, A.Ў. олдин ҳам ЖКнинг 164-моддаси 2 қисми “а” банди (босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Жорий йилнинг 1 декабрь куни соат тунги 02:30 ларда жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган A.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз берган”, дейилади Тошкент вилояти ИИББ расмий баёнотида.

Ушбу воқеа Ички ишлар томонида тасдиқлангач, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳам ўрганиш бошлаганини маълум қилди. 

“Тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун вилоят прокуратурасига юборилади ва юқоридаги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади.

Омбудсман юқорида қайд этилган хабарлар юзасидан текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини назорат қилади”.

Ўзбекистонда Ички ишлардан ўлик чиқиши биринчи марта эмас. Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор қийноқлар масаласини кўтарди. Андижон ва Қашқадарёдаги қийноқнинг изи, чиққан ўликнинг гўри ҳали совугани йўқ. Ундан кейин эса қанчадан қанча бундай воқеаларга гувоҳ бўлдик. Охиргиси Бўкадами ё Чилонзордами. Одам эслаб қолишга ҳам улгурмаяпти. Ва кўриняптики, бу охиргиси эмас. Албатта, бу сафар видеоларни очиқ-ойдин кўрсатишларидан кўриняптики, йигитнинг ўзини осгани эҳтимоли юқоридир. Бунга баҳони биз эмас, тергов ва суд беради. Йигит ўзини осди ҳам дейлик. Хўш, нега осди? Осишига олиб келган руҳий ё жисмоний босим бўлмаганми? Буларга ҳам ойдинлик киритилишига, Ички ишларга ўз оёғи билан кирганлар яна бус-бутун чиқишига умид қилиб қоламиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳибсхона ИИБ тергов ёш йигит Суд-тиббиёт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг