Игорь Николаев операциядан сўнг экранга қайтди
Маданият-санъат
−
18 Декабрь 2023
3860Россиялик таниқли хонанда ва бастакор Игорь Николаев касалликдан кейин биринчи марта экранларда пайдо бўлди. Бу ҳақда “Газета.ru” нашри маълум қилди.
Гап шундаки, 15 сентябрь куни Николаев зудлик билан шифохонага ётқизилганди. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, санъаткор юрак хуружи сабаб реанимация бўлимига жойлаштирилган. 19 сентябрь куни эса унда юрак жарроҳлиги операцияси ўтказилган. Операциядан сўнг, 22 сентябрь куни Николаев тузалиб, гимнастика ва жисмоний машқларни бажараётгани айтилганди.
Билдирилишича, Игорь Николаев операциядан сўнг биринчи марта телевидениеда чиқиш қилди. У телебошловчи Юрий Николаевнинг 75 йиллигига бағишланган “Сегодня вечером” (“Шу кеча”) дастурида иштирок этди. Эфирда бастакор ҳамкасбини туғилган куни билан табриклади ва унга мусиқий совға сифатида янги “18 йил” қўшиғини куйлади.
Шунингдек, хонанда бошловчини ўғлидек кўришини билдирди ва у учун “Остров Юрий” (“Юрий ороли”) қўшиғини ёзганини эслади.
“Бу бизнинг кун қаҳрамонимиз ҳақида. У бутун умри давомида турли вазиятларга дуч келгани ҳақида. Лекин у ҳамиша муаммолар устидан ғолиб чиқади”, деди Николаев.
Маълумот учун, Игорь Николаев 1960 йил 17 январда Сахалин вилоятида туғилган. 1980 йилдан Алла Пугачёванинг “Рецитал” ансамблида клавиатурачи ва аранжировкачи сифатида ишлай бошлаган. 1983 йилда Алла Пугачева Игорь Николаевнинг мусиқаси асосида “Айзберг” ва “Менга айтинг, қушлар” қўшиқларини куйлаган. 1985 йилда “Йил қўшиғи” телевизион фестивалида Игорь Николаевнинг “Паром” (Алла Пугачева ижросида) ва “Комарово” (Игорь Скляр ижросида) мусиқаларининг премьералари бўлиб ўтган. У 2019 йилда Россия Федерацияси халқ артисти унвонини олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ рус эстрадаси примадоннаси Алла Пугачёванинг қизи Кристина Орбакайте ва Россия халқ артисти Игорь Николаев Украина байроғи ранглари акс этган кийимда дуэт ижро этганди.
LiveБарчаси