Ички ишлардан яна бир ўлик чиқди. Тизимдагилар қачон дарс чиқаради?
Таҳлил
−
08 Июнь 2023
25114Жорий йилнинг 3 июнь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида фуқаро ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Навбатчилик қисмига хабар келиб тушган. Шундан сўнг, воқеага сабабчи бўлган 2 нафар ходим ҳибсга олинди, туман ИИБ раҳбарияти эса ишдан бўшатилди. Аммо ишга алоқадор тезкор ходимлар ҳолатни рад этмоқда, прокуратура қўшимча экспертиза тайинлади.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган Юқори Чирчиқ тумани Янги бозор МФЙда яшаган, 1987 йилда туғилган фуқародавлат томонидан тайинланган ҳимоячиси иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида сўроқ қилинган. Тергов жараёнлари эса видеоёзувга тўлиқ ёзиб олингани айтилмоқда.
Айни пайтда лўли элатига мансуб бўлган 36 ёшли фуқаро марҳум Усмон Салимбоевни ноқонуний сўроқ қилган ва жароҳат етказган ходимларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
BBC ўзбек нашрининг ўзбек хизмати марҳумнинг яқинлари, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби билан суҳбатлашиб, воқеа нимадан бошланганига аниқлик киритган.
Марҳумнинг укаси
Бир неча кундан буён мазкур воқеа ижтимоий тармоқ фаоллари орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Бунга сабаб бир тарафдан воқеанинг яқинда, Чилонзор туман ИИОда ўзини 4-қаватдан ташлаб вафот этгани айтилаётган 21 ёшли Ҳафизуллоҳ Турғунбоев воқеаси алангаси совимай туриб содир бўлгани бўлса, бошқа томондан кўплаб лўлиларнинг вафот этган қариндошлари учун бирлашгани, баёнот талаб қилиб, Бўка туман ИИБ биносига келгани, ҳолатни тасвирга олиб, ўз ҳақ-ҳуқуқлари таъминланишини сўрагани, оммавий ахборот воситаларига ҳеч иккиланмасдан, юзимни яширинг, исм-шарифимни очиқламанг демасдан, эркин тарзда бор гапни гапириб бераётганлари эътиборни тортмоқда.
Журналистларга интервью берган Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов ҳам воқеалар тафсилотларини яширмади ва Ички ишлар тизими тарихида катта эҳтимол билан биринчи марта марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик ва таъзия билдирган. Шунингдек, тармоқлардаги айрим миш-мишларга аниқлик киритган.
Марҳум ҳақиқатдан ҳам мол ўғирлаган бўлган. Ҳақиқатдан ҳам 19:00 да Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва туман ИИБдаги фуқароларни вақтинча сақлаш хонасига жойлаштирилган. Аммо у жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Шу куни соат 23:30 атрофида гумонланувчи Усмон Салимбоевнинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, у шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулхаков, ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб вазият ўрганилган. Воқеа жойи кўздан кечирилиб, ишга алоқадор ходимларнинг кўрсатмалари олинган.
Марҳумнинг укаси акасининг ўлимидан унинг оила аъзолари вақтида хабардор қилинмаганини даъво қилмоқда.
Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизаси ташхисига кўра Усмон Салимбоевнинг танасида жароҳатлар борлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган ва ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.
Бундан ташқари холис тергов ва текширувни таъминлаш мақсадида ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи Бобохонов, унинг биринчи ўринбосари Худойқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Субанов, тергов бўлими бошлиғи Очилов, шунингдек, навбатчилик қисми масъули Ибрагимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан эса хизмат текшируви тайинланган.
“Қонунчиликка мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларининг қонунбузарлик хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш прокуратура органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олган ҳолда барча материаллар прокуратура органларига тўлиқ тақдим этилади ва ҳолатга холисона баҳо бериш мақсадида улар билан яқиндан ҳамкорлик қилинади”, дейилади вазирлик хабарида.
Тошкент вилояти прокуратураси ҳам ҳолат юзасидан аллақачон расмий баёнот бериб бўлди.
“Бўка туман ИИБ томонидан терговга жалб қилинган гумонланувчи шахснинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади расмий баёнотда.
Юқорида айтилганлар лоф эмас. Прокуратура ҳам тергов ҳаракатлари давомида икки нафар тезкор ходим қамоққа олинганини тасдиқлаган.
Шунингдек, алоҳида урғуланишича, мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган. Прокуратура фуқароларни терговни чалғитувчи, миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликка ҳамда расмий манбалар орқали берилаётган маълумотларга таянишга чақирди.
Ички ишлар вазирлиги эса ўз баёноти сўнгида вазирлик инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги таъминланишига сўзсиз жавобгар экани, шахсга нисбатан қийноқ қўлланиши, зўравонлик ёки бошқа тарзда ғайриинсоний муносабатда бўлиши вазирлик томонидан қаттиқ қораланиши ва бунга йўл қўйган барча ходимлар қонун олдида қатъий жавоб беришини эслатган.
“Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қонунийликка ва инсонийликка зид ҳаракатлар жамоатчилик томонидан кескин эътирозларга сабаб бўлишини тўлиқ англаймиз, лекин шу билан бирга, ички ишлар органлари шаънига доғ туширган ходимларнинг ҳаракатлари ортидан бошқа, ўз хизматини виждонан ва садоқат билан бажараётган ходимларни обрўсизлантиришга йўл қўйилмаслигига ишонамиз”.
Бу баёнотни ўқир экансиз, беихтиёр “мана, бўларкан-ку” деб юборгиси келади одамнинг. Ҳа, ИИБ биносидан гумонланувчининг мурдаси чиқиши ўта салбий ҳолат, аммо уларнинг ўзи бу хабарни оммага ёйиши, халқдан ҳеч нимани яширмагани ижобий прогрес, бизнингча. Ҳор ҳолда бу Ички ишлардаги биринчи ҳолат эмас, билганимиз бу.
Дарҳақиқат, биз ИИБ биносида фуқаронинг ўлгани ҳақидаги хабарни биринчи марта Ички ишлар вазирлигининг ўзидан эшитдик. Вазирлик ўз айбини жамоатчилик қистовларидан аввал ўзи тан олиб чиқди. Тошкент вилоят ИИББ эса нафақат ўзбек, балки хорижий ОАВнинг ўзбек хизмати учун ҳам очиқ бўлди.
Ваҳолангки, қамоқхоналарда, тергов бўлинмаларидаги қийноқлар Ўзбекистонда аллақачон барҳам топгани бот-бот айтилса ҳам, ўзбекистонликлар ҳар йили бундай воқеаларнинг бир нечтаси билан тўқнаш келади. Буни биргина шу йилнинг 29 май куни Чилонзор туман ИИО ФМБда вафот этган 21 ёшли Хафизуллоҳ Турғунбоевнинг ўлими воқеаси билан ҳам таққослаганда ер билан осмонча фарқи бор. Ҳафизуллоҳ масаласида агар у ўзини ростдан ҳам 4-қаватдан ташлаган тақдирда ҳам бунга айбдор бўлган, гумонланувчини назорат қилмаган ИИБ ходимлари жавобгарликка тортилмади.
Бундан ташқари, дўкондан 17 минг сўмлик қурут ва ичимлик олиб пулини тўламай чиқиб кетгани учун ИИБнинг Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганлар марказига олиб кетилган 15 ёшли Равшанбек Абдусатторов “ҳибс” этилган муассасада сирли тарзда ўлим топгани ортидан ҳам ҳеч бир ходим ишдан кетмади, қамоққа олинмади. Фақатгина уларга хизмат текшируви тайинлангани айтилди, холос.
Ўтган йилнинг 9 октябрь куни Навоий шаҳар бешинчи минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясида ўз жонига қасд қилгани айтилган, аммо яқинларининг даъвосича қийнаб ўлдирилган Оятулло Махсумов воқеасида ҳам ИИБ ходимлари сувдан чиқиб кетганди.
Хўш, нега бу воқеаларга миқ этмай турган Ички ишлар вазирлиги бу сафар ҳам ўз стилида собит қолмади? Ё стандарт ва принциплар вазиятларга кўра ўзгариб, гоҳ эгилиб, гоҳ букилиб, кези келганда чўзилиб турадими?
Шу ўринда Янги Ўзбекистонда тергов жараёнидаги қийноқларга кеча ё бугун дуч келмаётганимизни яна бир бор асослаб кетсак.
2020 йилнинг 23 январь куни соат 01:50 да Чироқчи туманнинг Лангар қишлоғида содир этилган чорва моллари ўғриликларини фош этиш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ўғирликда гумон қилиниб Чироқчи тумани ИИО ФМБ биносига олиб келинган фуқаро вафот этган.
Шунингдек, 2020 йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувидаги ариза юзасидан фуқаро Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турган. Ички ишлар ходимлари томонидан қийнаб, руҳий азоб берилиши натижасида Абдукаримов шифохонада вафот этган.
Юқоридаги икки ҳолат нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлди. Мамлакатда бир томондан Жаслиқ қамоқхонаси ёпилгани олқишланса, бошқа томонда ҳуқуқ-тартибот органларидаги қийноқлар давом этаётгани қораланди. Президент Мирзиёев Андижон ва Чироқчидаги воқеалар бўйича алоҳида йиғилиш ўтказди, Ички ишлар органлари олдига қатъий талаблар қўйди. Мамлакатда алоҳида тергов қўмитасини тузиш, қийноқлар борасида қонун лойиҳасини тайёрлаш айтилди. Аммо булар амалга ошмади.
Бугун ҳам Ички ишлар органларига кирган фуқаролар қийноқлар оқибатида соғ чиқмаётганидан кўриниб турибдики, тизимдагиларнинг кўплари бундан хулоса чиқармаган.
LiveБарчаси